Ўз номига кредит олишни тақиқлаш хизмати қандай ишлайди?
Ўзбекистонда фуқаролар ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз номига кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш учун кредит битими тузишга ихтиёрий тақиқ қўйиши мумкин. Бунинг учун ЯИДХП, Давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ариза бериш кифоя.

Ўз номига кредит олишни тақиқлаш хизмати қандай ишлайди?
Қонунчиликка мувофиқ, жисмоний шахс кредит бюросига ариза топшириш орқали ўз номига кредит шартномаси тузилишини тақиқлаш ҳуқуқига эга. Бу механизм, биринчи навбатда, шахснинг хабарисиз ёки иштирокисиз унинг номига кредит расмийлаштирилишининг олдини олишга қаратилган.
Тақиқ ўрнатиш учун аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда топшириш мумкин. Шунингдек, фуқаролар Давлат хизматлари марказига ёки кредит бюросига ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин.
Ариза қабул қилингач, кредит бюроси фуқарони дарҳол кредит шартномаси тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритади. ЯИДХП орқали берилган ариза кредит бюроларига автоматик равишда юборилади.
Шундан сўнг банк ёки бошқа тегишли кредит ташкилоти фуқаро билан кредит шартномаси тузишдан олдин реестрда унга нисбатан тақиқ бор-йўқлигини текшириши шарт. Қонунга кўра, реестрдан тегишли маълумот олинмасдан туриб кредит шартномасини тузиш тақиқланади.
Фуқаро истаган вақтда ушбу тақиқни олиб ташлаши ҳам мумкин. Тақиқни жорий қилиш ҳам, уни бекор қилиш ҳам ихтиёрий ва бепул амалга оширилади.
Хизмат натижаси бўйича ҚР-кодли маълумотнома тақдим этилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда у фуқаронинг шахсий кабинетига юборилади, Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинганда эса натижа белгиланган тартибда ариза берувчига етказилади.
Шу тариқа, фуқаро кредит олишни режалаштирмаётган даврда ўз номига кредит шартномаси тузилишини олдиндан тақиқлаб қўйиши, зарурат туғилганда эса тақиқни бекор қилиши мумкин.

