“Ойлик — учинчи масала”: Лукашенко яна ўзбекистонлик мигрантлар ҳақида гапирди

“Ойлик — учинчи даражали масала”: Лукашенко яна ўзбекистонлик мигрантлар ҳақида гапирди
Беларус президенти Александр Лукашенко 28-июл куни Витебск вилояти ижроия қўмитаси раиси Александр Рогожник билан учрашувда Ўзбекистондан келган мигрантлар масаласига тўхталди.
Лукашенконинг сўзларига кўра, Ўзбекистон сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб берилиши эвазига молиявий ва меҳнат ресурсларини жалб этишга тайёр.
“Улар (ўзбекистонлик ищилар назарда тутилган) биринчи навбатда сенинг олдингга учиб келишди, лекин бир нарсани унутма: сут ва гўшт биринчи навбатдаги масала. Одамлар етишмаяптими, марҳамат. Уларнинг ойлиги — учинчи масала. Улар маҳсулот сўрашди, биз бундан манфаатдормиз. Улар қишлоқ хўжалигига сармоя киритишга тайёр, чунки инвестицияларсиз, сут-товар комплекслари ва тракторларсиз гўшт ҳамда сут олиш мумкин эмас”, деди Беларус президенти.
У нафақат Витебск вилоятида, балки Могилев, Гомел ва Гродно вилоятларига ҳам ищилар кераклигини таъкидлади.
Давлат ОАВ Рогожникнинг сўзларидан иқтибос келтириб, Беларус томони Ўзбекистон фуқароларининг келишидан “фақат ютиши”ни маълум қилди.
“Биз мутахассисларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқдик. Албатта, вилоят эҳтиёжидан келиб чиқамиз. Ўзбекистон бизга шартли равишда 30 нафар механизатор, 10 нафар қурувчи ва ҳоказолар зарурлиги ҳамда барча мутахассисликлар учун малака талаблари ҳақида маълумот олади”, деди амалдор.
У Беларусдаги Ўзбекистон фуқаролари қонун билан боғлиқ муаммолар йўқлиги бўйича текширилишини айтди.
“Чунки биз нафақат малакали, балки қонунга итоаткор фуқаролар ҳам келишидан манфаатдормиз”, дея аниқлик киритди Рогожник.
У Беларусга келган барча ўзбекистонликлар дастлаб келишилган иш ҳақи даражасини олиши, бу ёмон эмаслигини таъкидлади.
Беларус етакчиси июл ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Минскда учрашган эди. Ўшанда Лукашенко ўзбекларни Беларусда яшаш ва ишлашга таклиф қилган.
Шундан сўнг Андижон вилоятида яшовчи 250 дан зиёд фуқаро қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Беларусга борган. Аммо улар иш ҳақи камлигидан норозилигини айтган.
Жумладан, иш берувчилар томонидан уларга 500 АҚШ доллари миқдорида маош таклиф қилинган. Мигрантлар бу пулларни Ўзбекистонда ҳам топа олишини билдирган. Шундан сўнг Лукашенко Беларусда кўп пул топмоқчи бўлган ўзбекистонликларга Россияда ишлашни тавсия қилганди. Мазкур баёнотдан сўнг Миграция агентлиги ўзбекистонликлар учун Беларусда оиласи билан яшаш ва ишлашга вакансиялар таклиф этганди.

