Маҳаллий

Овчилик соҳасида янги тартиблар: рақамлаштириш, квота ва ов қилиш ҳудудлари

Ўзбекистонда ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги ҳуқуқий нормалар соҳага бир қатор

Овчилик соҳасида янги тартиблар: рақамлаштириш, квота ва ов қилиш ҳудудлари

Ўзбекистонда ов қилиш ҳамда овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган янги ҳуқуқий нормалар соҳага бир қатор янгиликларни олиб киради. Улар ов жараёнларини рақамлаштириш, ов қилиш ҳудудларини аниқ белгилаш, квоталарни илмий асосда белгилаш ва овчилик хўжаликларини ривожлантиришнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутади.

1172-сонли Қонун орқали «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Қурол тўғрисида» ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Эндиликда овчилик гувоҳномалари давлат хизматлари орқали берилади. Ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари — овчилик йўлланмаларини бериш эса махсус электрон дастур орқали амалга оширилади. Бу ов қилиш жараёнларини рақамлаштириш, маълумотларни тизимлаштириш ва соҳада шаффофликни оширишга хизмат қилади.

Ов қилиш жойлари ҳам аниқ белгиланади. Ов фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган ҳудудларда, шунингдек, ваколатли давлат органи белгилаган эркин ов қилиш жойларида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бу борада муҳим жиҳат шуки, «эркин ов қилиш жойлари» тушунчаси исталган ҳудудда чекловсиз ов қилиш мумкинлигини англатмайди. Бундай ҳудудлар ваколатли давлат органи томонидан белгиланади ва ов қилиш қонунчиликда белгиланган тартиб ҳамда талаблар асосида амалга оширилади.

Овчилик хўжаликларини ривожлантириш учун ер ажратишнинг янги механизми ҳам жорий этилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан овчилик базаларини ташкил этиш учун 10 гектаргача, питомниклар барпо этиш учун эса 100 гектаргача бўлган ер участкалари инвестициявий ва шартномавий мажбуриятлар асосида электрон онлайн-ауксион орқали ижарага берилиши мумкин.

Бунда ердан фойдаланиш фақат ов қилиш билан чекланмайди. Питомникларда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш, уларни табиий муҳитга қайта жойлаштириш ҳамда овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни оширишга қаратилган ишларга ҳам имкон яратилади.

Шу билан бирга, питомник ташкил этиш бўйича аниқ мажбурият ҳам белгиланмоқда. Агар ер ижарага берилганидан кейин икки йил ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрорий кўпайтириш бўйича питомник инфратузилмаси ёки такрорий кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин.

Ов квоталарини белгилашда ҳам илмий ёндашув кучайтирилади. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни белгилаш ва тақсимлашнинг илмий асосланган механизмлари мустаҳкамланади. Бунда ҳайвонлар сони, уларнинг популясияси ҳолати ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.

Яна бир муҳим янгилик — питомникларда етиштирилган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитга қўйиб юборишни рағбатлантиришдир. Овчилик хўжаликларига питомникларда етиштирилиб, табиий муҳитга қўйиб юборилган ҳайвонлар сонига мутаносиб равишда, уларнинг урчиш давридан ташқари вақтларда ов қилишни ташкил этиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Шу тариқа, янги нормалар овчилик соҳасида фақат ов қилиш жараёнини тартибга солиш билангина чекланмай, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш, уларнинг табиий популясияларини сақлаш, овчилик хўжаликларини ривожлантириш ҳамда соҳада шаффоф ва рақамлаштирилган бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган.

Қонуннинг асосий мақсади — ҳайвонот дунёси ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан бирга биохилма-хилликни сақлаш ва овчилик фаолиятини замонавий, шаффоф ҳамда илмий ёндашувлар асосида ташкил этиш учун ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлашдан иборат.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.