ОТМга қабул қилинмаган абитуриентлар учун 6-йўналишни танлаш бошланди

ОТМга қабул қилинмаган абитуриентлар учун 6-йўналишни танлаш имконияти яратилди.
Ўзбекистонда жорий ўқув йилида давлат олийгоҳларига қабул қилинмаган абитуриентларга 6-йўналишни танлаш имконияти берилиши ҳақида аввал хабар берилган эди. Бугун, 22-августдан бошлаб, 32 мингдан ортиқ бўш ўринлар учун олтинчи йўналишни танлаш жараёни бошланди.
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида иштирок этиб, белгиланган минимал 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга, шунингдек, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга вакант ўринлар мавжуд бўлган, фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қўшимча танловда иштирок этиш имконияти тақдим этилди.
2026/2027-ўқув йилида жами 80 та олий таълим муассасасида 31 минг 808 та бўш ўрин мавжуд бўлиб, ушбу ўринларни тўлдириш мақсадида абитуриентлар ўртасида қўшимча танлов ўтказилади.
2026-йил 22-августдан 28-августга қадар (шу куни ҳам) Билимни баҳолаш агентлигининг “my.uzbmb.уз” расмий платформаси орқали мазкур тоифадаги абитуриентлар қўшимча танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Абитуриентларга фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган, бўш ўринлар мавжуд бакалавриат таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи берилади.
Рўйхатдан ўтган абитуриентлар бўш ўринларга тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда, базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия қилинади.
Танлов якунлари бўйича Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тегишли танлов қайдномалари шакллантирилиб, олий таълим ташкилотларига тақдим этилади.

