ОТМга кириш имтиҳонлари натижалари бўйича апелляция бериш бошланди

ОТМ имтиҳонлари натижаларидан норози абитуриентлар учун апелляция жараёни бошланди.
Билимни баҳолаш агентлигининг маълум қилишича, олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига кириш тест синовлари натижаларидан қониқмаган абитуриентлар 15-августдан 24-августгача онлайн тарзда апелляция аризасини топширишлари мумкин.
Апелляция аризалари my.uzbmb.уз сайтидаги абитуриентнинг шахсий кабинети орқали қабул қилинади. Аризани топшириш учун абитуриент тест синовларида иштирок этган ва ундан четлатилмаган бўлиши шарт.
Ариза берган абитуриентларга апелляцияни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома юборилади. Абитуриент белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хабарнома билан Билимни баҳолаш агентлигига ёки хабарномада кўрсатилган манзилга келиши лозим.
Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш ишлари 19-августдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 2026/2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари 15-август куни соат 08:00 да эълон қилинган эди.

