Ўтган сентабр Ўзбекистон тарихидаги энг илиқ ва қурғоқчил ойлардан бири бўлди — Ўзгидромет
Ўзгидрометга кўра, ўтган сентабр ойида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,2−2,5 даражага юқори бўлиб, метеокузатувлар тарихидаги энг илиқ ва қурғоқчил даврлардан бири сифатида қайд этилди. Мамлакатнинг катта қисмида ёмғир ёғмади, айрим ҳудудларда кучли шамол ва чанг-тўзонлар кузатилди.

Ўтган сентабр Ўзбекистон тарихидаги энг илиқ ва қурғоқчил ойлардан бири бўлди — Ўзгидромет
Ўтган сентабр ойи ҳарорат режими жиҳатидан Ўзбекистонда куз мавсумининг бошига хос, етарлича илиқ ва кескин ҳарорат ўзгаришларисиз кечди, дея хабар бермоқда.
Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати асосан қулай бўлган +29…+34 даража атрофида сақланди, энг иссиқ кунларда айрим жойларда +35…+37 даражагача, жанубий ва чўл ҳудудларда эса +38 даражагача кўтарилди. Бу сентабр ойининг максимал ҳарорат рекордлари республика ҳудудининг катта қисмида +38…+40 даража, шимол, жануб ва чўл ҳудудларда эса +41…+42 даражадан паст бўлди.
Сентабрнинг сўнгги ҳафтасида ҳарорат фонининг бир маромда пасайиши кузатилди. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан +24…+27 даражадан, энг чекка жанубда эса +28…+30 даражадан юқори бўлмади.
Республиканинг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,2−2,5 даражага юқори бўлди, шимолда ва Фарғона водийсида эса айрим жойларда меъёр атрофида қайд этилди.
Синоптиклар қайд этишича, ўтган ой Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг бутун тарихий қатори давомида энг илиқ сентабр ойлари қаторини тўлдирди.
Ўтган сентабр ўта қурғоқчил шароит билан ажралиб турди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида (шимолий ва шарқий ҳудудлардан ташқари) ёмғирлар умуман кузатилмади ёки 1−3 ҳолатда қисқа муддатли ёмғирлар ёғди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийсида кўпчилик ҳудудларда ёғган ёмғир миқдори ойлик меъёрдан 1,5−3 марта, айрим жойларда эса 4−6 марта кўп бўлди.
Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, камдан-кам ҳолларда эса республиканинг марказий ҳудудларида айрим кунларда баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайгани қайд этилди. 2−3-сентабрда Устюртда ва 20-сентабрда Тошкент вилоятининг баланд тоғли ҳудудларида шамол кучайиши 20−21 м/с га етди.
Айрим жойларда шамол кучайиши чанг-тўзонлар билан кузатилди. Тез-тез чангли ғуборлар ҳам қайд этилиб турди. 24-сентабрда Наманган вилоятининг Чуст туманида сел-сув тошқин ҳодисалари қайд этилди.

