Лайфстайл

“Ўша дуетни куйлаганимдан афсусланганман” — Даврон Эргашев Юлдуз Усмоновадан хафа бўлгани ҳақида

Даврон Эргашев Юлдуз Усмонова билан дует куйлаганидан афсусда эканлигини билдирди.

Хонанда Даврон Эргашев “Менинг юртим” телеканалининг “Омон-омон” дастурида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан ижро этган дуети ва шу қўшиқ туфайли ундан кўнгли қолгани ҳақида сўзлаб берди.

Эргашевнинг айтишича, дуетни куйлашдан аввал Шаҳноз ва Юлдуз Усмонованинг ўзлари уни уйига таклиф қилишган. “Кечаси соат бирда қўнғироқ қилиб Юлдуз опанинг уйига чақиришган. Борсам, Шаҳноз, Равил Гимазутдинов, Юлдуз опа ўтиришибди. Ўша пайт, 2005-йилларда “Марио” ва яна бир нечта қўшиқларим билан машҳур бўлган пайтларим эди. Уларнинг таклифидан хурсанд бўлиб бунга рози бўлганман ва қўшиқ учун ғоялар ҳам ўйлаганмиз”, — деди хонанда.

Орадан уч-тўрт йил ўтгач, Эргашев автомобилда кетаётиб радиодан Юлдуз Усмонованинг сўзларини эшитиб қолган. Бошловчи Дилмурод Ғуломов Усмонованинг дуетлари ҳақида савол бериб, охиргиси ҳақида сўраганида, Юлдуз Усмонова: “Эшигимнинг тагига келиб, ётиб олгандан кейин йўқ демадим-да”, — деган. Даврон Эргашевнинг таъкидлашича, аслида Юлдуз Усмонованинг ўзлари уни уйига чақиртирган. “Мен ялиниб бормаганман, уларнинг таклифига рози бўлганман. Ўшандан кейин хафа бўлиб қолганман. Кейинчалик ўша дуетни куйлаганимдан афсусланишимни айтганман”, — дея қўшимча қилди у.

Хонанда шунингдек, Зиёда, Райҳон, Шаҳнозга бирга дует айтиш таклифи билан ўзи чиққанини айтди. Ҳатто Шаҳноз билан икки марта дует куйлаганини ва хонандалар билан ижро этган барча дуетлари оммалашганини таъкидлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.