Лайфстайл

“Ортиқча вазн — интизомнинг йўқлиги эмас, балки касаллик”

Ўзбекистонда катта ёшдаги аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекади. Баъзилар учун ортиқча вазн кундалик ҳаётда чекловга айланади: эркин ҳаракатланиш, одатий юмушлар билан машғул бўлиш ва севимли кийимларини кийишга халақит беради. Газета вазн йўқотиш йўлида инсонлар нималарни бошдан кечириши ва замонавий бариатрик жарроҳлик уларга қандай ечимлар таклиф қилиши ҳақида ҳикоя қилади.

“Ортиқча вазн — интизом етишмаслиги эмас, касаллик”

2016-йилда тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Ҳошимов ҳузурига вазни 236 килограмм бўлган эркак мурожаат қилди. Бариатрик операция — яъни вазнни камайтириш учун жарроҳлик амалиётини дарҳол ўтказиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди: клиникадаги операция столи 200 килограммдан ортиқ юкни кўтара олмасди.

Бемор жуда самимий ва очиқкўнгил инсон бўлиб чиқди. У ҳамшираларга гуллар совға қилар, тинмай ҳазиллашарди: “Қизлар, мен аслида жуда чиройлиман, шунчаки бутун чиройимни ёғ яшириб турибди”. Ўзи эса эрталаблари каравотдан зўрға турарди.

Вазнини рухсат этилган 200 килограммгача тушириш учун беморнинг ошқозонига вақтинча силикон баллон жойлаштирилди, у ошқозон ҳажмининг катта қисмини эгалларди. Эркак жуда кичик порсиялар билан ҳам тўя бошлади. Бир неча ой ичида 36 килограмм вазн камайди. Шундан кейин баллон олиб ташланди ва беморни операцияга тайёрлаш бошланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон катталар орасида ортиқча вазн тарқалиши бўйича 63,7 фоизлик кўрсаткич билан Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда. Туркманистон ва Тожикистонда бу кўрсаткич 58 фоизга, Қозоғистонда — 56,5 фоизга, Қирғизистонда — 56,2 фоизга етади. Бунинг сабаблари кўп. Улардан бири — миллий ошхона.

Палов, манти, иссиқ сомса — маданий кодимизнинг бир қисми. Фақат бундай таомларнинг калорияси аждодларимизнинг оғир жисмоний меҳнатига мослаб “ҳисобланган”. Бир тарелка паловни “ёқиш” учун кун бўйи далада ишлаш керак. ХХИ асрда эса одам ёғли овқатни тўйиб ейди, машинага ўтириб офисга боради ва кечгача компютер қаршисида ўтиради, дейди шифокор Шуҳрат Ҳошимов.

Юқори калорияли овқатлар ва камҳаракат турмуш тарзидан ташқари, гаджетларга қарамлик ҳам вазиятни оғирлаштиради. Ёшлар ярим тунгача смартфонга тикилиб ўтиради, бунинг оқибатида уйқу давомийлиги қисқаради. Етарлича ухламаслик иштаҳани бошқарувчи гормонларга таъсир қилиб, семириш хавфини ошириши мумкин.

Муаммони англаш ҳар бир инсонда ўзига хос кечади, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам тана бўйсунмай қолган пайтдан бошланади.

Турмушга чиқишидан олдин Маҳмуданинг вазни 42 килограмм эди. Бўйи 156 сантиметр бўлган бу аёл ихчам, деярли нимжон кўринарди. Ҳозир у 41 ёшда. Санитарка бўлиб ишлайди, уч нафар фарзанд тарбиялайди. Бутун ҳаёти палаталар, уй ва бозор орасидаги бир маромдаги айланишдан иборат.

Ўша ихчамгина Маҳмуда билан бугунги Маҳмуда ўртасида бутун бир ҳаёт ётибди: вақт ўтиши билан аёлнинг танаси аста-секин ўзига бўйсунмай қўйди.

Ҳаммаси 38 ёшида оғир ҳиссий зарба билан бошланди — фарзандини йўқотди. Кейин пандемия бошланди ва Маҳмуда Зангиотадаги юқумли касалликлар мажмуасига тушиб қолди. Ковидни оғир ўтказди. Аёл ЖССТ томонидан оғир ҳолатлар учун тавсия этилган гормонал препаратнинг юқори дозаларини қабул қилди. Касаллик енгилди, бироқ организм бошқача ҳисоб-китобни кўрсатди: бунгача 74 килограмм атрофида сақланиб турган вазн кескин ошиб, 94 га етди.

Бошқа бир тошкентлик Шуҳрат Y.ning критик нуқтага олиб борган йўли бошқача кечди. Тана вазни 165 килограммга етгунига қадар у саёҳат қилишни яхши кўрарди, нотаниш шаҳарларда соатлаб пиёда юрарди. 40 ёшдан кейин килограммлар бирин-кетин қўшила бошлади ва аста-секин унинг ҳаёт доираси уй эшиги билан автомобил эшиги орасидаги масофагача қисқарди.

2020-йилги пандемия бу эркак учун ҳам бурилиш нуқтаси бўлди. Машиналар қатнови тўхтатилди, кўчалар бўшаб қолди ва шундай сокин кунларнинг бирида кекса отаси Шуҳратга қўнғироқ қилиб: “Шуҳрат, кел, менга ош дамлаб бер”, деди.

Шуҳрат 57 ёшда. Таомларни жуда яхши тайёрлайди. Фақат ота уйигача бўлган йўл — ўнта бекат ва светофор ёнидаги беш метрча қиялик. 165 килограмм вазнли одам учун бу тўсиқ эмас, синов: ҳар 10-15 метр пиёда юрганда тана оғир, бўғувчи ҳансираш билан жазолайди.

Қариндошлар отамга айтишган: “Қандай қилиб келади? Ўзи семиз бўлса. Йўлнинг ярмигача ҳам етолмайди”. Мен эса йўлга чиқдим. Отам чақиряпти, қандай бормайман? Машина йўқ, ҳаммаёқ жимжит. Кетяпман, секин, аста, қадам-бақадам... Кетяпман ва ўйлаяпман: бир томондан отамнинг истагини бажо келтириш керак, иккинчи томондан эса нақадар оғир, бўғиляпман, ҳаво етишмаяпти, — деб эслайди Шуҳрат.

Ўша куни у отасининг олдига етиб борди. Аммо айнан шу йўлда унинг дунёси нақадар тор ва чекланган бўлиб қолганини англатган аччиқ ўй қалбини ўртаб юборди.

Шифокорлар қарши чиқадиган жамиятдаги асосий нотўғри тасаввур — бу “ирода кучи”га кўр-кўрона ишонишдир.

““Камроқ овқатланиш ва спорт билан шуғулланиш” ҳақидаги маслаҳатлар аксарият ҳолларда мантиқсиз, — дея тушунтиради жарроҳ Шуҳрат Ҳошимов. — Бу босқичда ортиқча вазн интизом етишмаслиги эмас, балки тўлақонли касаллик”.

Ўз танасининг жисмоний босими билан бирга инсон ҳаётига ижтимоий босим ҳам кириб келади.

Маҳмуданинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлар уйда ҳам, ишхонада ҳам эътибордан четда қолмади. Биринчи бўлиб эри четга олди: “Сен тўлишяпсан, бирор нарса қил”. Опа-сингиллари ҳам қўшилди: “Ўзингга қара, семириб кетяпсан-ку”. Касалхонадаги ҳамкасблари ҳам очиқчасига гапиришди: “Нега бунчалик тўлишиб кетяпсиз? Бўйингиз паст, Бўғирсоққа ўхшаб қоляпсиз”.

Иллюстратив сурат: Жоачим Счнурле / Унсплаш

Шундай пайтларда Маҳмуда ичидан эзиларди, алам қиларди.

“Ўзимга мос кийим топа олмаганимдан жуда асабийлашардим. Бўйим пастлиги сабабли бозордан ҳеч нарса танлай олмасдим. Кекса аёлларга мўлжалланган хунук бичимдаги кийимларни сотиб олишга тўғри келиши алам қиларди. Эрим: “Нима кийиб олдинг? Сенга ярашмайди, гавдалироқ одамларга мўлжалланган кийим қидир”, деб танбеҳ берарди”, — дейди Маҳмуда.

Касаллик фактини қабул қилишдан олдин, Маҳмуда ва Шуҳрат муаммони мустақил ҳал қилишга уринишларнинг берк кўчасидан ўтишди.

Турли парҳезлар, оздирувчи чой ва қаҳвалар, ёғ “ёндирувчи” қўшимчалар ёрдамида у 10 килограмм (94 дан 84 гача) вазн ташлашга муваффақ бўлди, шундан сўнг тарози мили бутунлай қотиб қолди.

Шуҳрат ҳам “ўзини қўлга олишга” уриниб кўрди: овқат миқдорини камайтирди, бўш вақтида юриш учун уйига ва ишига иккита югуриш йўлакчаси сотиб олди. Рамазон пайтларида 10-12 килограмм вазн ташлашга эришарди, лекин кейин вазн “фоизлари” билан қайтиб келарди: 120, 150, 165 кг...

Маҳмуда ҳам, Шуҳрат ҳам “Оземпик” ёки “Мунжаро” каби оммабоп дорилар ёрдамида озишга уриниб кўришмаган, бироқ шифокорлар амалиётида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.

Жарроҳ Шуҳрат Ҳошимов бу дориларни танқид қилмайди, лекин уларни вақтинчалик қўлтиқтаёқ деб атайди.

“Менда бундай дориларни қабул қилган беморлар бўлган. Уларни қабул қилиб юрган пайтингда егинг келмайди, озасан.

Қабул қилишни тўхтатдингми — вазнинг қайтади, устига-устак қўшимчаси билан, бу эса одамни руҳан синдиради.

Бундай дорилар бошқа нарса учун керак. Масалан, қанд миқдори юқори бўлган бемор келади ва асоратлар хавфи туфайли уни дарҳол операция қилиб бўлмайди. Шунда биз эндокринологлар билан биргаликда операцияни хавфсиз ўтказиш учун қанд миқдорини, шу жумладан, шундай инъексиялар ёрдамида ҳам, рухсат этилган даражагача пасайтирамиз”, — деб тушунтиради шифокор.

Семизлик тиббиёт баённомаларида кўп омилли касаллик сифатида қаралади. У қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бўғим ва умуртқа поғонаси шикастланишлари, гипертония ҳамда онкологик касалликлар каби бир қатор хавфли ташхисларга олиб келади. Аёлларда ортиқча вазн бепуштликка, эркакларда эса импотенсияга сабаб бўлиши мумкин.

Маҳмуданинг биринчи бўлиб ўт пуфаги дош бера олмади, уни олиб ташлашдан олдинги текширув пайтида шифокорлар қандли диабет ташхисини қўйишди. Аёл шифокорлар билан кўзига ёш олиб баҳслашди: “Менда ҳеч қандай диабет йўқ!” Бир вақтлар унинг бувиси шу касалликдан вафот этганди, шунинг учун ташхисга ишонгиси келмасди. Бироқ диабет аллақачон ўзини кўрсата бошлаганди: чидаб бўлмас қичишиш ва таъсирланиш пайдо бўлди, юрак тахикардиядан тез уриб кетарди, оғир ланжлик босарди. Асаб тизими ҳам издан чиқди — Маҳмуда яқинларига зарда қиларди, ишхонада тортишарди ва арзимаган нарсага ҳам йиғлаб юбориши мумкин эди.

Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Дори ва уколлар ёрдам бермади, қанд кўрсаткичлари 10 дан 25 ммол/л гача сакраб турди, кўрсаткич 30 ммол/л га етганда эса Маҳмуда кома олди ҳолатида касалхона каравотига ётқизилди.

У ерда, осма уколлар остида ётиб, у ниҳоят шифокорларнинг: “Бундай қанд миқдори билан яшаб бўлмайди — сиз шунчаки комага тушиб қоласиз”, деган сўзларини “эшитди”.

Вазнни камайтириш ва диабет ремиссиясига эришиш учун Маҳмуда бариатрик операция қилдиришга қарор қилди. Қўрқувлари кўп эди: “Пулни бериб, пичоқ остига ёцанг-у, диабет қолиб кецачи? Вазн ҳам кетмасачи?”

Оила бу қарорга кескин муносабат билдирди, бироқ ўша пайтга келиб Маҳмудани бошқаларнинг фикри қизиқтирмасди. Йиллар давомидаги таъналар ва диабетик комадан доимий қўрқув “Мен буни ўзим ва соғлиғим учун қиляпман”, деган қарорга келишга ёрдам берди.

Жарроҳ Шуҳрат Ҳошимовнинг тан олишича, у “шунчаки нафсини тийиб, камроқ есин” деб ўжарлик қиладиган эрлар олдида мунтазам равишда маъруза ўқишга мажбур бўлади. Бундай ҳолатлар учун шифокорнинг компютерида махсус тақдимот тайёрлаб қўйилган.

“Мен ҳар доим беморнинг тарафидаман. Бундай эрни монитор олдига ўтқазиб, графиклар, статистика, тадқиқот маълумотларини кўрсатаман. Унга: “Тушунинг, семизлик — бу касаллик. Эртага бу фонда оғир ёндош касалликлар ривожланади. Ўйлаб кўринг, операциясиз хотинингиз 10–12 йил камроқ яшайди. Ахир фарзандларингизга она, сизга эса соғлом, фаол ва бахтли рафиқа керак”, дейман”, — деб ҳикоя қилади у.

Эрларни ишонтириш муҳим, чунки 70 фоиз ҳолларда операция пулини айнан улар тўлайди. Бироқ Шуҳрат Хуршидович кўпинча тескари манзарани ҳам кўради: консултация пайтида эр хотинига “Мен сен биланман, ёнингдаман, қўллаб-қувватлайман”, дейди. Бундай эркак севган аёли операцияни енгил ўтказиши ва тезроқ тикланиши учун ҳар қандай харажатга тайёр.

Шифокорнинг айтишича, ҳамма нарса эр-хотин ўртасидаги муносабатларга боғлиқ.

Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Шуҳратни операция столига ўлим қўрқуви олиб келди — унинг атрофидаги ортиқча вазнли одамлар бирин-кетин ҳаётдан кўз юма бошлади.

“Қирғизистонда яқин дўстим вафот этди, атиги 42 ёшда эди. Семизлик оқибатида юраги тўхтаб қолган. Қозоғистонда кўп йиллар давомида мен учун ишлаган — товар ташиган ҳайдовчи вафот этди. Йўл юриб турган жойида, қатнов вақтида оламдан ўтди. Юкни Уст-Каменогорсккача олиб борди, у ердан қўнғироқ қилишди — касалхонага тушиб қолибди, тамом, ундан айрилдик. Шифокорнинг айтишича, ўлим сабаби — ортиқча вазн. Чимкентда 35 ёшли ёш шифокор танишим бор эди. Ўзи шундай дерди: “Шуҳрат, иккаламиз ҳам вазн масаласини ҳал қилишимиз керак! Мен шунчаки улгурмаяпман, ҳар куни операцияга киришим керак”. Мана, улгурмади”, — дейди эркак.

Чиқиш йўлини илгари вазни 180 килограмм атрофида бўлган, кейин эса жарроҳлик амалиёти ёрдамида кескин озиб кетган таниши кўрсатди. “Бўғирсоқ эди, келишган йигитга айланди”, — дея таърифлайди уни Шуҳрат.

Ўзбекистонда биринчи бариатрик операциялар тахминан 40 йил олдин амалга оширилган, бироқ шундан бери деярли ҳамма нарса ўзгарди. 2015-йилда Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва БААда малака ошириб қайтгач, Шуҳрат Ҳошимов ҳамкасблари билан биргаликда мамлакатда илк бор лапароскопик усулда ошқозонни жарроҳлик йўли билан кичрайтириш амалиётини ўтказди.

“Илгари бариатрик операциялар очиқ усулда, қорин бўшлиғини кесиш орқали амалга ошириларди. Катта одамларда кесим ҳам катта бўлади, тери ости ёғ қатламининг қалинлиги сабаб бунинг бошқа иложи йўқ”, — суҳбат давомида Шуҳрат Хуршидович “семизлик” тиббий атамасини камдан-кам ишлатиб, беморларни “катта одамлар” деб аташни афзал кўради. “Мос равишда, яралар оғир, асоратлар ва йирингли жараёнлар билан битар эди.

Бугунги кунда биз кесишларсиз, кичик тешиклар орқали ишлаймиз.

Бу минимал жароҳатланиш ва тез тикланиш имконини беради. Беморлар аввалгидек 7–10 кун эмас, балки 2–3 кунда оёққа туришади”.

Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Замонавий технология қуйидагича: қорин бўшлиғига кичик тешиклар орқали лапароскопик телескоп киритилади, у ички аъзолар тасвирини мониторга узатади. Кейин эндоскопик степлер — махсус тиббий асбоб ишга тушади, у меъданинг бир қисмини кесиб олиб, бир вақтнинг ўзида тўқимани қисади ва “тикади”. Бўш шар каби пучайган кесилган бўлак эҳтиёткорлик билан тешиклардан бири орқали, уни бир ярим-икки сантиметргача бироз кенгайтирган ҳолда, ташқарига чиқариб олинади.

Бариатрия пластик ёки косметик жарроҳлик эмас, шунинг учун беморлар операция столига қатъий тиббий протоколларга мувофиқ ётқизилади.

Жаҳон стандартларига кўра, операция учун кўрсатма сифатида тана вазни индекси (ТВИ) 40 дан юқори бўлиши ёки одамда ёндош касалликлар: қандли диабет, гипертония, бўғимларнинг емирилиши ва бошқалар мавжуд бўлса, 35 дан юқори бўлиши қабул қилинган.

Кўпинча бариатрик жарроҳларга беморларни бошқа мутахассисликдаги шифокорлар — эндокринологлар, травматологлар, гинекологлар йўналтиради. Ортиқча вазн баъзан она бўлишга тўсқинлик қилади ва Шуҳрат Хуршидович собиқ беморлари унга қўлида чақалоқлар билан тушган суратларини юборганида жуда хурсанд бўлади. Баъзида одамнинг бўғимлари шунчалик емирилган бўладики, уларни сунъий бўғимларга алмаштириш керак бўлади, аммо протез тана оғирлигини кўтара олмайди. Шунда травматолог аввал бариатрик операция ёрдамида ортиқча вазндан халос бўлишни тавсия қилади.

Консултацияга келадиган эркаклар ва аёлларнинг мотивацияси турлича.

“Беморларимнинг 70 фоизи — аёллар. Бунинг ҳеч қандай уятли жойи бўлмаса ҳам, улар операцияга фақат ташқи кўриниш учун бораётганликларини деярли ҳеч қачон тан олишмайди. Худбин бўлиб кўринишдан қўрқишади. “Эрим учун, болаларим учун”, дейишади. Мен бундай ҳолларда: “Ўзингиз учун қилинг. Ўзингиз бахтли ва соғлом бўлсангиз, оилангиз ҳам бахтли бўлади”, деб айтаман”, — дейди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, эркакларда асосий талаблар — соғлиқ ёки карьера.

“Ортиқча вазнли одам ўзидан уялади, эркакларда эса бу ишончсизлик потенсия билан боғлиқ муаммолар сабаб янада кучаяди. Вазн ташлаганларидан сўнг улар фаолроқ бўлишади, ўзига бўлган ишончни қайтаришади ва кўпинча лавозимлари кўтарилади. Бундан ташқари, карьера тўғридан-тўғри жисмоний ҳолатга боғлиқ бўлган соҳалар ҳам бор — ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари. Менда шундай беморлар ҳам бўлган”, — дея аниқлик киритади Ҳошимов.

Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Ўзбекистонда беморларнинг яна бир тоифаси бор, шифокор уларни “келин-куёв” деб атайди. Уларни шифокор ҳузурига ота-оналари олиб келишади, чунки анъанавий турмуш тарзига эга кўпчилик оилаларда никоҳ масалаларини айнан ота-оналар ҳал қилади.

Улар ортиқча вазнни соғлиқ муаммоси сифатида эмас, балки оила қуриш йўлидаги тўсиқ сифатида қабул қилишади.

“Ота-она 20 ёшли йигитни маслаҳатлашиш учун олиб келяпти. Вазни 150 килограмм, кечалари компютерда ўтиради, писса ейди ва ширин газли ичимликлар ичади. Ота-онаси хафа: “Ўғлимга ҳеч ким турмушга чиқмаяпти, ёрдам беринг”. Ёки турмушга бериш, невара кўриш истагида қизларини олиб келишади. Яъни, ортиқча вазн ва ҳаёт сифатининг ёмонлашуви тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва операция учун пул тўлашга ҳар доим ҳам етарли мотивация бўлавермайди, никоҳ омили эса бунга туртки бўлади. Эҳтимол, оила қуриш масаласи бўлмаганида, бундай беморларнинг бир қисми мутахассисга мурожаат қилмаган бўларди”, — дейди жарроҳ.

Доктор Ҳошимовнинг 11 йиллик бариатрик амалиёти давомида атиги 15 га яқин одам қайта операция столига ётган. Ошқозон — мушакли аъзо, агар у доимий равишда овқат билан “зўриқтирилаверса”, яна чўзилиб кетиши муқаррар.

Операциядан кейинги биринчи ойда бемор Шуҳрат деярли ҳеч нарса емади. Битта товуқ тухумини ҳам еёлмай, бедана тухумига ўтди. Икки-уч қошиқ шўрва ва бир пиёла суюқ бўтқа — унинг бор-йўқ овқати шу эди. У ҳар куни минус 0,5 кг ни кўрсатувчи тарозини ҳаяжон билан кузатиб борди. Бироз вақт ўтгач, вазни 105 кг да тўхтади — энг юқори кўрсаткичидан 60 килограмм йўқотди. Қон босими меъёрлашди, ҳолдан тойдирувчи жиғилдон қайнаши ва шишлар йўқолди. Яна бир ўзига хос ҳолат юз берди — тана очлик импулсларини юборишни тўхтатди.

“Илгари ошқозон ва бошим: “Қани, овқатланайлик!” деб хитоб қиларди. Ҳозир ундай эмас. Овқатланишни ўзим унутмаслигим керак, соат бўйича овқатланишга ҳаракат қиламан. Агар кучдан қолиб, бошим оғирлашаётганини ҳис қилсам, демак, калория камайиб кетган, тамадди қилиб олишим керак. Сумкамда озгина ёнғоқ, майиз ёки сифатли шоколад олиб юраман. Лекин энди европаликлардек овқатланаман. Мен Европада бўлганман ва кўрганман: катта ликопча олиб келишади, унда икки қошиқ овқат бўлади, шуни ҳам еб тугатишмайди! Илгари бир лаган ошни бир ўзим ейишим мумкин эди, ҳозир эса мен ҳам улар кабиман”, — дейди эркак.

Сурат: Евгений Сорочин / Газета

Шуҳрат операция тафсилотларини кўпчилик танишларига ошкор қилавермайди.

“Одамлар ҳар хил, — деб хўрсинади у. — Кимдир тўғри тушунади, кимдир эса шунчаки камроқ ейиш керак эди, деб гапиришни бошлайди. Бир куни меҳмонда эдим, одатдагидек ўз меъёримни еб, тўхтадим. Бир киши: “Нима, ошқозонингни кестириб, энди овқат ейишга қўрқяпсанми?” деб масхара қила бошлади. Бу жуда ёқимсиз ҳолат эди.

Мен унга шундай жавоб бердим: “Менга қара, ошна, мен нормал яшаш учун ҳамма нарсага тайёрман, сен эса кўп ейиш учун ҳамма нарсага тайёрсан. Фарқига боряпсанми?”

У хижолат бўлиб, индамай дастурхондан туриб кетди”.

Бироқ, агар у нафас олишга ва ҳаракатланишга қийналаётган одамни кўриб қолса, бефарқ ўтиб кетмайди. Унинг учун бу узилмас ёрдам занжири. Шуҳрат ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва тушунтириш учун вақтини аямайди.

“Вазним туфайли аҳволим жуда оғирлашиб қолганида, дуо қилдим ва Яратган менга операция ҳақида айтиб берган инсонни, кейин эса яхши шифокорларни юборди”, — дея ҳикоя қилади у.

Бариатрик операциядан сўнг Маҳмуда ва Шуҳратнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Шуҳратнинг айтишича, у яна саёҳат қиляпти ва севимли шаҳарлари бўйлаб соатлаб пиёда юрибди — нафас қисишидан асар ҳам йўқ.

“Ёзда Остонага хизмат сафарига — йирик халқаро кўргазмага бордим. Тўрт кун кетма-кет эрталабдан кечгача павилонларда километрлаб йўл босдим. Ортиқча вазнли одам бундай қила олмасди!”, — қайтиб келган енгиллик унга самимий, деярли болаларча қувонч бахш этади.

Маҳмуда ҳам мамнун. Операциядан кейинги биринчи ойдаёқ 20 килограмм вазн йўқотди. Ортиқча вазн билан бирга теридаги азобли қичишиш ва яллиғланишлар ҳам кетди, қондаги қанд миқдори меъёрига қайтди. Бугунги кунда унинг вазни 57 килограмм. У санитарка ишини аввалгидек — ортиқча куч сарфламасдан бажараётганини, зинапоялардан бемалол кўтарилаётганини ва ўзига ёққан кийимларни кийиши мумкинлигини айтади. Сўнгги суратларнинг бирида аёл эгнида атиргул шаклидаги ҳашаматли енгли фуксия рангидаги кўйлакда кўринади.

“Ортиқча вазн инсонни “яримта” қилиб қўяди, — дейди Маҳмуда хайрлашаётиб. — Тўлақонли яшай олмайсан, хоҳлаганингдек кийинолмайсан. Қайтадан бутун инсон бўлиш учун ҳам вазнни меъёрига қайтариш керак”.

Семизликни даволаш бўйича халқаро протоколлар АҚШ, Канада ва Европада ўтказилган кўп йиллик тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган. Яъни, меъёрлар “ўртача европалик” асосида белгиланган.

“Стандартлар универсал бўлса-да, биз ҳар хилмиз, — деб тушунтиради Шуҳрат Ҳошимов. — Жаҳон тиббиёт ҳамжамияти ҳозирда ирқий омил тушунчасини фаол муҳокама қилмоқда. Негроид ирқ вакиллари юқори ТВИ билан яшаши ва метаболик жиҳатдан соғлом қолиши мумкин. Осиёликларда эса, аксинча, асоратлар — диабет, юрак ва қон томирларининг зарарланиши анча паст кўрсаткичларда ривожлана бошлайди. Агар бугунги кунда ТВИ 35 иккинчи даражали семизлик бўсағаси деб тан олинган бўлса, далиллар базаси тўпланиши билан ирққа қараб фарқланиш юз бериши мумкин. Масалан, негроид ирқи учун — 37 ва осиё ирқи учун — 33”.

Айнан шу сабабли доктор Ҳошимов жамоаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистонда метаболизмни генетик тадқиқ қилиш бўйича илмий лойиҳани бошлади.

Ушбу иш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги грант ажратди.

“Ҳозир бутун дунёда бадавлат одамлар ўз геномларини ўрганишга киришиб кетишди. Шахсий тест кўп нарсалар ҳақида маълумот бера олади: қандай касалликларга мойиллик бор, қандай таҳлилларни топшириш керак, қандай расионга риоя қилиш лозим, қайси спорт тури танага энг яхши натижа беради. Агар бу ёндашувни бутун мамлакат миқёсига татбиқ қилсак-чи?

Генетик кесим давлат қарорлари учун асос бўла олади.

Аҳоли метаболизмининг ўзига хос хусусиятларини тушунган ҳолда, миллий даражада болалар боғчалари ва мактаблардаги расионни ўзгартириш ёки одамлар жарроҳлик столигача етиб бормаслиги учун қайси спорт турларини ривожлантириш ва субсидиялаш кераклигини аниқлаш мумкин”, — дейди шифокор.

Семизлик ташхиси қўйилган ҳар қандай одам тадқиқот иштирокчисига айланишга уриниб кўриши мумкин.

Беморлар учун бу бариатрик операция нархини пасайтириш имконияти ҳамдир, чунки сарф материалларининг бир қисми грант доирасида харид қилинади. Операциянинг имтиёзли нархи одатдаги 19-20 млн сўм ўрнига 15-16 млн сўмни ташкил этади. Аниқ суммани олдиндан айтиш қийин. У стасионарда ётиш давомийлиги, ёндош касалликларнинг бор-йўқлиги ва бошқа омилларга боғлиқ.

Шу билан бирга, Шуҳрат Хуршидович барча хоҳловчиларни қабул қилавермайди. ТВИдан ташқари, у беморнинг мотивацияси ва операциядан кейинги тавсияларга риоя қилишга тайёрлигини ҳам баҳолайди.

“Инсонда шахсий, онгли истак бўлиши керак. “Мени тадқиқотга жалб қилинг, мен эса диванда ўтириб, чипс ейишда давом этаман”, деган вариант ўтмайди.

Биз учун шунчаки статистика тўплаш эмас, балки вазиятни қандай ўзгартиришни тушуниш муҳим.

Иштирокчилар динамикада кузатиб борилади: генетик таҳлил ўтказилади, операция қилинади, сўнгра икки, уч ой ва ярим йилдан сўнг метаболизм кузатилади. Бу инсонни фаол вазн ташлаш босқичидан барқарорлашувга ва охир-оқибат соғлом овқатланишга босқичма-босқич олиб ўтиш имконини беради”, — деб таъкидлайди жарроҳ.

Икки йиллик кенг кўламли тадқиқот якунларига кўра, Шуҳрат Ҳошимов семизликни даволашнинг янги алгоритмларини ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.