Иқтисодиёт

Ортиқча кредит тўловларини асосий қарзга йўналтириш таклиф қилинди

Рақобат қўмитаси айрим банкларда ойлик тўловдан ортиқча маблағлар қарзни камайтиришга йўналтирилмаётгани сабабли Марказий банкка ҳисоб-китоб

Ортиқча кредит тўловларини асосий қарзга йўналтириш таклиф этилди

Рақобат қўмитасига келиб тушган мурожаатларда айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда қолиб кетаётгани маълум қилинган.

Шу сабабли асосий қарз камаймаяпти ва унга фоиз ҳисобланиши давом этмоқда.

Масалан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ҳамкорбанк» кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти белгиланган. Бироқ амалда бу талаб бажарилмаётгани, маблағлар транзит ҳисобварақларда сақланиб қолиши ҳамда мобил иловаларда кредит тўловларини бошқариш имкониятлари етарли эмаслиги юзасидан мурожаатлар келиб тушган.

Қўмита бундай ҳолатни «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид деб баҳолайди.

Банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид Низомга кўра, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ойлик тўловдан ортиқча келиб тушган маблағ асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши керак. Банк дастурий таъминотидаги носозликлар истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига олиб келмаслиги лозим.

Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси Марказий банкка Низомнинг 37-бандини амалдаги тартиб ва хорижий тажриба асосида истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, кредит ҳисоб-китоблари, жумладан, кредитни муддатидан олдин сўндириш шартларини бевосита қонун даражасида, хусусан, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солиш таклиф этилди.

Қўмита келтирган мисолларга кўра, АҚШнинг айрим банклари мобил иловаларида мижоз «Принсипал Онлй» — «фақат асосий қарз учун» белгисини танлаб, ортиқча маблағни бевосита асосий қарзга йўналтириши мумкин.

Россияда истеъмол кредитини муддатидан олдин сўндириш учун қўшимча ҳақ олиш назарда тутилмаган. Қозоғистонда кредитни муддатидан олдин жаримасиз сўндириш мумкин. Қисман сўндиришда банк билан келишилган ҳолда ойлик тўлов камайтирилади ёки кредит муддати қисқартирилади.

Европа Иттифоқида эса кредит муддатидан олдин сўндирилганда қолган муддатга тегишли фоизлар ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи белгиланган. Бу тартиб 2008/48/ЭС директивасининг 16-моддаси ва 2014/17/ЭУ директивасининг 25-моддасида назарда тутилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.