Орангутанлар даҳшатли ёнғинлардан сўнг Борнео ўрмонларига қайта қўйиб юборилди
Қутқарувчилар ёз давомида кучли ўрмон ёнғинлари туфайли маймунларнинг яшаш жойларига хавф туғилгач, уларни бошқа жойга кўчиришди.

Орангутанлар даҳшатли ёнғинлардан сўнг Борнео ўрмонларига қайтарилди
Ёзги ўрмон ёнғинлари туфайли яшаш муҳити хавф остида қолгач, асраб олинган саккизта орангутан Борнеода яна табиат қўйнига қўйиб юборилди.
Халқаро ҳайвонларни қутқариш ташкилотининг Индонезиядаги бўлими (Yiari) ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, жума куни оролнинг ғарбидаги қўриқхонада учта она, уларнинг учта қизи ва иккита эркак орангутан озодликка чиқарилган.
Индонезия расмийлари август ва сентябрь ойларида ёнғинлардан 46 та орангутанни қутқариб қолган эди. Ушбу минтақада ўрмон ёнғинлари мамлакатнинг қуруқ мавсумида тез-тез учрайди, аммо бу йил улар янада авж олди.
Ушбу маймунлар жуда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида. WWF табиатни муҳофаза қилиш гуруҳи маълумотларига кўра, Борнео ва Суматрада тахминан 104 000 орангутан қолган, ваҳоланки бир аср олдин уларнинг сони 230 000 дан ортиқ эди.
Индонезия ҳар ёзда ўрмон ёнғинларига дуч келадиган кўплаб мамлакатлар қаторида бўлса-да, бу йилги ёнғинлар Эл-Ниньо океан исиш ҳодисаси сабабли янада шиддатли бўлди, бу эса об-ҳаво шароитини янада беқарор ва шиддатли қилади.
Yiari ижрочи директори Кармеле Льяно Санчеснинг айтишича, саккизта орангутанни қўриқхонага кўчириш уларнинг яшаш жойлари хавфли бўлиб қолганидан кейинги "зарурий қадам" бўлган.
Улар орасида Мама Нопи ва унинг сентябрь ойи бошида қутқариб олинишидан олдин кокос ва каучук плантациясида омон қолган болалари — Нопи, Науфал ва Нопан бор эди, дейди Yiari.
Ёнғинлар атрофдаги ўрмонни ёқиб юборган, бу эса уларнинг озиқ-овқат топишини чеклаб, одамларга яқинлашишига олиб келган.
Мама Лифа ва унинг боласи Лифа топалок (мойли) пальма плантациялари билан тўлиқ ўралган акация дарахтзорида топилган.
Ўрмон ёнғинлари сабабли уларнинг яшаш муҳитига етказилган зарар, шунингдек, озиқ-овқат манбаларининг етишмаслиги сентябрь ойи ўрталарида уларни қутқариб олишга сабаб бўлган.
Мама Ман ва унинг боласи Ман июнь ойидан бери ҳайвонларни қутқарувчилар томонидан кузатиб келинган, ўшанда улар ўрмоннинг кичик бир қисми ёнидаги плантация ҳудудида яшаётгани аниқланган эди.
Ҳудуд яқинида тарқалган ёнғинлар уларнинг ҳаракатланиш майдонини янада чеклаб, бошқа ўрмонга хавфсиз ўтиш йўлисиз қолдирган. Ёнғин хавфи остида қолгани сабабли улар сентябрь ойи бошида эвакуация қилинган, дейди Yiara.
Ушбу орангутанлар қўйиб юборилган қўриқхона у ерда озиқ-овқат ва сув борлиги ҳамда у бошқа ўрмон майдонлари билан боғлангани учун танланган.
Yiari вакили Аргитое Рантинг шундай деди: "Биз қутқарилган орангутанлар шунчаки бир жойдан иккинчи жойга кўчирилмасдан, балки ўзларининг табиий муҳитида омон қолиш имкониятига эга бўлишини таъминламоқчимиз."
Ўтган ойда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ўрмон ёнғинлари Борнео орангутанлари популяциясининг 52 фоизи яшайдиган ҳудудларда содир бўлаётганидан огоҳлантирди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, агар иқлим ўзгариши ҳозирги суръатда давом этса, маймунлар яшаш муҳитининг катта қисми улар учун яшаб бўлмайдиган ҳолга келади.
Бу йилги Эл-Ниньо кузатувлар тарихидаги энг кучлисига айланди ва унинг иқлимга салбий таъсири келаси йилда ҳам давом этиши кутилмоқда.
Мутахассислар, шунингдек, Индонезияда ўрмон ёнғинлари тарқалишига ёрдам берадиган яна бир омил сифатида плантацияларга жой очиш учун ерларни тозалаш амалиётини кўрсатишмоқда, чунки табиий равишда ёнғинга чидамли ўрмонлар камроқ зич ва кам сояли ўсимликлар билан алмаштирилмоқда.
Орангутанларнинг дастлабки яшаш жойлари ёниб кетгани ва приматларни бошқа боқа олмайдиган даражада бўлиниб кетгани уларни кўчиришнинг асосий сабаби бўлди, дейди Yiara.

