Ўқитувчилар маошидан 31-август, дам олиш куни учун пул ушлаб қолинмайди — вазирлик

Ўқитувчиларнинг август ойи маошидан 31-август, дам олиш куни учун пул ушлаб қолинмайди, дея маълум қилди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Вазирликнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда айрим мактабларда ўқитувчи ва ходимларнинг иш ҳақи тўловлари бўйича турли хабарлар тарқалган. Вазирлик ушбу ҳолатга расмий муносабат билдириб, мактабларда ходимларга иш ҳақи тўловлари штатлар жадвали ҳамда тарификация рўйхати бўйича ажратилган дарс соатлари асосида амалга оширилишини қайд этди. Бунда ўқитувчиларга тарификация рўйхатида белгиланган ойлик юкламаси, яъни ставкасидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи тўланади.
“Амалдаги меҳнат қонунчилигида дам олиш куни муносабати билан, жумладан, 31-август куни учун мактабларда иш ҳақидан ушлаб қолиш назарда тутилмаган бўлиб, иш ҳақидан ушланмасдан тўлиқлигича тўлаб бериш бўйича топшириқ берилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг август ойи иккинчи ярми учун иш ҳақи тўловлари байрамни кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида 29-август санасидан бошлаб тўлаб берилаётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистон мактабларида 2026/2027-ўқув йили 2-сентябр, чоршанба кунидан бошланиши хабар қилинганди. Жорий йилда биринчи синфга қабул қилинадиган 795 мингдан ортиқ ўқувчига “Президент совғаси” тантанали топширилади.

