Ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш тартиби қандай?
Қонунчиликка кўра, талабанинг бир олий таълим ташкилотидан бошқасига ўқишини кўчиришига муайян ҳолатларда рухсат берилади. Жумладан, талаба турмуш қурганида турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш учун мурожаат қилиши мумкин.

Ўқишни бир олий таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш ёки қайта тиклаш қандай амалга оширилади?
Ҳозирги қоидаларга кўра, талабаларга ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига, биринчи навбатда, мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга рухсат берилади.
Агар маълум бир ҳудудда мос ёки турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаса, белгиланган шароитларда турдош бўлмаган таълим йўналишига ҳам ўқишни кўчириш имконияти мавжуд.
Хусусан, бунга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
* Талаба турмуш қурганлиги сабабли турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишини кўчириш учун ариза берганида;
* Давлат органи ходимининг иш жойи тегишли вазирлик ёки идора томонидан бошқа ҳудудга ўзгартирилганда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганида.
Бундан ташқари, олий таълим ташкилотлари, тизимида ОТМ мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорлари асосида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш мумкин.
Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 13-сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган "Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом"да белгиланган.

