Иқтисодиёт

Опен банкинг нима ва у қачондан ишга тушади?

Марказий банк департамент директори Равшан Қодиров Опен банкинг тушунчасини таърифлаб, уни ишга тушириш дедлайнларини очиқлади.

Опен банкинг нима ва у қачондан ишга тушади?

«Опен банкинғни содда қилиб айтадиган бўлсак, бу банклар ўртасида маълумот алмашишнинг очиқлиги. Масалан, фуқаронинг бир тижорат банкида ҳисобрақами ёки жамғармаси бўлса, бошқа банкдаги қулай шартлар, жозибадор аксия ёки хизматдан фойдаланиш учун қайтадан ҳисобрақами очиши, ҳужжатларни қайта топшириши ва расмийлаштириш жараёнларидан ўтиши шарт бўлмайди. Бу имконият нафақат жисмоний шахсларга, балки юридик шахсларга ҳам тааллуқли бўлади», - деди у.

Қодировнинг айтишича, Опен банкинғнинг технологик қисми бўйича пилот лойиҳалар Марказий банкнинг Ахборотлаштириш маркази томонидан амалга оширилмоқда.

«Режага кўра, жорий йил охиригача пилот тестларни якунлаш кўзда тутилган. Бу жуда катта лойиҳа бўлгани учун 2027-йил 1-январидан уни тўлиқ ишга тушириб юбориш тўғри бўлмайди. Тизимни жорий этишда киберхавфсизлик ва фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб масалаларни ҳисобга олиш керак», - деди Марказий банк вакили.

Унинг сўзларига кўра, Опен банкинғни қайси йўналишларда ва қандай кетма-кетликда жорий этиш масаласи 2026-йил якунидаги пилот синовлар натижаларига қараб белгиланади.

«2026-йил охиригача ўтказиладиган тест синовларининг якуний натижаларига асосан тизимни 2027-йил давомида қайси тартибда ва босқичма-босқич ишга тушириш белгиланади», - деди Равшан Қодиров.

Опен Банкинг - мижоз розилиги асосида унинг банклардаги молиявий маълумотларини бошқа банклар ва финтех компанияларига стандартлаштирилган АПИ орқали узатиш имконини берувчи тизим. У турли банклар ва молиявий хизматлар ўртасидаги маълумот алмашинувини соддалаштириб, янги финтех маҳсулотлари ва хизматларини ривожлантиришга шароит яратиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Опен Банкинғни жорий этиш режалари 2025-йилда кун тартибига чиқди. Президентнинг 2025-йил ноябридаги қарорида тизимни банклар, тўлов ташкилотлари ва финтех бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз ва стандартлаштирилган маълумот алмашинувини таъминлаш воситаси сифатида жорий этиш вазифаси белгиланган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.