Олти мамлакат вакиллари Тошкентда «Ҳаво ипак йўли»ни ривожлантириш ва янги авиайўналишларни муҳокама қиладилар

Олти мамлакат вакиллари Тошкентда "Ҳаво ипак йўли"ни ривожлантириш ва янги авиайўналишларни муҳокама қилишади
3-5 ноябрь кунлари пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида "Марказий Осиё – Хитой" (C5+1) фуқаролик авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ишчи гуруҳининг 3-конференцияси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этади.
Учрашувнинг асосий вазифаси — минтақа мамлакатлари ва Хитой ўртасида фуқаролик авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илгари эришилган келишувларни амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилашдан иборат. 2024 йил 24 январда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида имзоланган "Ҳаво ипак йўли"ни биргаликда барпо этиш тўғрисидаги битим доирасидаги вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, иштирокчилар соҳанинг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш, норматив-ҳуқуқий базани уйғунлаштириш ва минтақавий парвозлар географиясини кенгайтиришни кўриб чиқадилар. Конференция доирасида иштирокчи мамлакатлар ўртасида авиақатновларни ривожлантириш, янги йўналишларни очиш ва амалдаги рейслар частотасини ошириш бўйича икки томонлама консультациялар ҳам режалаштирилган.
Бундай учрашувларни мунтазам равишда навбат билан олтита давлатда ўтказиш ғояси Хитой томони ташаббуси билан илгари сурилган эди. C5+1 форматидаги биринчи конференция 2024 йилда Хитойда, иккинчиси — 2025 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган. Бу йил Ўзбекистон мезбон томон сифатида иштирок этмоқда.

