Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этишнинг янги тартиби белгиланди

Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишнинг янги тартиби белгиланди
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш ҳамда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиб жорий этилди. Ҳукуматнинг 17-сентябрдаги қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Унга мувофиқ, республика фан олимпиадалари икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич олий таълим ташкилотларида бакалавриат талабалари ўртасида, иккинчи босқич эса вазирлик томонидан белгиланган таянч олий таълим ташкилотларида ташкил этилади. Ҳар бир босқичда 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган талабалар кейинги босқичга тавсия қилинади.
Олимпиада иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, жараёнларни мониторинг қилиш ва натижаларни очиқ эълон қилиш учун ягона электрон ахборот тизими юритилади. Мусобақалар видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилади. Олимпиада вақтида алоқа воситалари ва қўшимча манбалардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Натижалар мусобақа ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади. Натижадан норози бўлган иштирокчилар ҳам шу куннинг ўзида апелляция комиссиясига ёзма мурожаат қилиши мумкин.
Республика фан олимпиадалари ғолиблари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. 1-ўрин соҳибига 50 БҲМ, 2-ўрин соҳибига 40 БҲМ, 3-ўрин соҳибига 30 БҲМ миқдорида мукофот берилади. Уларнинг устозларига эса мос равишда 25, 20 ва 15 БҲМ миқдорида пул мукофоти тўланади.
Халқаро олимпиадаларда мукофотлар миқдори юқорироқ бўлади. 1-ўрин учун талабага 100 БҲМ, 2-ўрин учун 75 БҲМ, 3-ўрин учун 50 БҲМ берилади. Ғолибларни тайёрлаган устозларга мос равишда 50, 40 ва 30 БҲМ миқдорида бир марталик мукофот тўланади.
Бундан ташқари, халқаро олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозларга лавозим маошининг 100 фоизи, республика фан олимпиадасининг ИИ босқичи ғолибларини тайёрлаган устозларга эса 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланиши назарда тутилган.
Олимпиадаларни ташкил этиш, назорат материалларини ишлаб чиқиш, иқтидорли талабалар захирасини шакллантириш ва ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон талабалари иштирок этиши лозим бўлган нуфузли халқаро олимпиадалар рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланиб, ҳар йили янгиланади. Халқаро олимпиадаларда қатнашадиган терма жамоаларни саралаш ва мақсадли тайёрлаш алоҳида регламент асосида амалга оширилади.
Олий таълим ташкилотлари, давлат органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан келишилган ҳолда қўшимча фан олимпиадаларини ташкил этиш имконияти ҳам белгиланди.
Шунингдек, 2027-йил 1-январга қадар кимё ва биология фанларидан талабалар ўртасида халқаро фан олимпиадаларини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Чегирма давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган педагоглар фарзандларига татбиқ этилади. Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМда тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланади.

