Олимлар Ер аҳолисини икки баравар қисқартиришни таклиф қилди

Олимлар Ер аҳолисини 2200-йилга бориб икки баравар қисқартиришни таклиф қилишди. Ҳозирда сайёрамизда саккиз миллиарддан ортиқ инсон яшайди. Накед Ссиенсе нашрининг Сустаинабле Девелопмент журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб хабар беришича, атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтириш мақсадида аҳоли сонини босқичма-босқич тўрт миллиардга тушириш режалаштирилмоқда.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, аҳоли сонининг камайиши табиий ресурсларга бўлган юкламани ва атроф-муҳит ифлосланишини сезиларли даражада пасайтиради. Шунингдек, бу туғилиш даражаси юқори бўлган ҳудудлардаги қашшоқликни камайтиради, ресурслар туфайли юзага келадиган низолар ва миграция оқимини пасайтиради. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда эса турмуш сифати ошади.
Муаллифлар аҳоли сонини назорат қилишда мажбурий ёки зўравонлик усулларидан фойдаланишга ҳожат йўқлигини таъкидлашди. Бунинг ўрнига, улар туғилиш даражаси юқори бўлган камбағал ҳудудларнинг ижтимоий ривожланиш имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилишди. Хусусан, қизлар учун таълим олиш имкониятини яратиш шундай чоралардан бири сифатида кўрсатилган.
Аёллар таълим олиб, фарзанд кўриш бўйича мустақил қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлсалар, туғилиш кўрсаткичи табиий равишда барқарорлашади. Олимлар бунга Эрон, Жанубий Корея ва Коста-Рика мисолини келтиришди. Ушбу мамлакатларда 10-20 йил ичида бир аёлга тўғри келадиган ўртача туғилиш кўрсаткичи деярли икки баравар камайган.
Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, "Ўтган 25 йил давомида глобал умумий туғилиш кўрсаткичи (бир аёлга тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони) 2,75 дан 2,25 га тушди. Ушбу пасайишнинг яна 25 йил давом этиши бизни бир аёлга ўртача 1,75 нафар фарзанд тўғри келадиган глобал кўрсаткичга олиб келади".
Шу билан бирга, аҳолини қисқартириш ғоясининг танқидчилари ҳам бор. Улар мавжуд муаммоларни сайёрадаги одамлар сони билан эмас, балки ресурслардан тенг фойдаланмаслик билан боғлашади. Бироқ тадқиқотчиларнинг фикрича, барқарор ривожланишга эришиш учун бир вақтнинг ўзида ҳам аҳоли ўсишини секинлаштириш, ҳам ҳар бир инсоннинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш зарур.
Маълумот учун, 2026-йил 15-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг кишидан ортиқни ташкил этган. Мамлакатда жами эркаклар сони 19,76 миллион, аёллар эса 19,3 миллион нафардан иборат. Шаҳарларда 21,3 миллион киши, қишлоқларда эса 17,8 миллион киши истиқомат қилмоқда.

