Олимлар шахмат руҳий саломатлик учун фойдали эканини аниқлади

Олимлар шахматнинг руҳий саломатликка ижобий таъсирини аниқладилар.
Германиянинг Марказий руҳий саломатлик институти тадқиқотчилари шахмат масалаларини ечиш руҳий касалликларга чалинган беморларнинг мия фаолиятини яхшилаши ва ҳаёт сифатини сезиларли даражада оширишини аниқладилар. Бу усулдан фойдаланиш учун беморларнинг шахмат қоидаларини билиши шарт эмас.
**Алкоголга қарамликдан реабилитацияда диққатни тиклайди**
"Неуропсйчологисал Реҳабилитатион" журналида чоп этилган биринчи тадқиқотда алкоголга қарамликдан реабилитация курсини ўтаётган беморлар иштирок этди. Улар шифохонадаги стандарт даволанишдан ташқари, мутахассислар назорати остида шахмат позициялари билан мунтазам шуғулланишди. Натижада, қўшимча машқларни бажарган гуруҳ оддий даволаш курсини ўтаётган беморларга қараганда диққат барқарорлиги бўйича анча юқори кўрсаткичларни қайд этди. Иштирокчилар, шунингдек, ҳаёт сифатининг яхшиланганини таъкидладилар, гуруҳ машғулотлари эса беморлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантирди.
**Ўсмирларнинг хотираси ва руҳий ҳолатини барқарорлаштиради**
"Слинисал Чилд Псйчологй анд Псйчиатрй" журналида эълон қилинган иккинчи эксперимент руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётган 13 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирларни қамраб олди. Олти ҳафталик шахмат машқлари курсидан сўнг, бошқа беморлар билан солиштирганда, ўсмирларнинг оператив хотираси сезиларли даражада яхшиланди. Уларнинг психологик ҳолати барқарорлашгани ва ҳаёт сифатига бўлган шахсий баҳоси ошгани ҳам кузатилди.
**Янги методнинг моҳияти нимада?**
Ушбу даволаш усулининг асосий моҳияти рақибга қарши шахмат ўйнаш эмас. Унда беморларга шахмат тахтасидаги фигураларнинг жойлашувини эслаб қолиш ва уларни худди ўша ҳолатда қайта тиклаш вазифаси юкланади. Бундай машқлар миянинг диққат барқарорлиги, оператив хотира, режалаштириш ва муаммоларни ҳал қилиш каби когнитив кўникмаларини ривожлантиради. Руҳий касалликлар пайтида айнан шу функсиялар энг кўп зарар кўриши сабабли, янги ёндашув психиатрия амалиётида катта талабга эга бўлиши кутилмоқда.
**Анъанавий тиббиётга ёрдамчи восита**
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, шахмат машқлари шифокорлар томонидан тайинланадиган анъанавий даволаш усулларининг ўрнини боса олмайди, балки уларни тўлдирувчи қўшимча восита бўлиб хизмат қилади. Бир-бирига мутлақо ўхшаш бўлмаган икки хил беморлар гуруҳида — алкоголга қарам катталар ва психиатрия бўлимидаги ўсмирларда бирдек ижобий натижа олингани ушбу методнинг фойдали эканидан далолат беради. Олимлар ушбу услубни келгусида клиник амалиётда кенг қўллаш учун янада йирик ва кенг кўламли синовлар ўтказиш зарур деб ҳисобламоқда.

