Технология

Олимлар шакардан 3 500 марта ширин аммо қондаги глюкозани оширмайдиган моддани яратди

Олимлар қондаги глюкоза миқдорини оширмайдиган, аммо шакардан 3500 марта ширинроқ модда яратишди.

"Амаи Протеинс Лтд." биотехнология компанияси мутахассислари "ширин оқсил" деб номланган янги ширинлаштирувчи моддани ишлаб чиқдилар. Свеелин деб аталувчи бу модда оддий шакардан 3500 марта ширин бўлишига қарамай, клиник синовларда қондаги глюкоза ва инсулин даражасини оширмаслиги аниқланди.

Янги ширинлаштирувчининг асоси Ғарбий ва Марказий Африканинг тропик ўрмонларида ўсувчи серендипити мевасида мавжуд бўлган табиий оқсил ҳисобланади. Олимлар сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланиб, ушбу оқсилнинг тузилишини ўзгартиришга муваффақ бўлишди.

Ширин оқсиллар баъзи ноёб тропик меваларда учрайди ва улар шакардан камида 1000 марта ширинроқдир. Дастлабки тахминларга кўра, бундай юқори ширинлик табиат томонидан приматларни жалб қилиш мақсадида шаклланган.

**Оз миқдори ҳам юқори самара беради**

Свеелин оқ рангли, сувда осон эрийдиган кукун шаклида ишлаб чиқарилган. Унинг ўта юқори ширинлик даражаси туфайли, бир порсия музли чой учун 3 миллиграммдан камроқ модда етарли бўлади. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, юқори ҳароратга чидамли бўлган бу маҳсулот айрим рецептларда шакар миқдорини 70 фоизгача камайтириш имконини беради.

**Клиник синовлар ва олинган натижалар**

Янги модданинг организмга таъсири 19 нафар кўнгилли иштирокида ўтказилган икки томонлама яширин рандомизацияланган клиник тадқиқот орқали текширилди. Иштирокчилар бир ҳафталик танаффус билан турли кунларда Свеелин, стевия ва декстроза қўшилган ичимликларни истеъмол қилдилар. Холисликни таъминлаш мақсадида на кўнгиллилар ва на тадқиқот муаллифларига қайси ичимликда қайси модда борлиги маълум қилинмади.

Ичимлик истеъмолидан кейинги 120 дақиқа давомида глюкоза, инсулин ва ГЛП-1 гормони даражаси кузатиб борилди. Свеелин кўрсаткичлари бўйича стевияга яқин натижа қайд этди: ундаги глюкоза даражасининг умумий реаксияси декстрозага нисбатан 31 марта, инсулин реаксияси эса 81 марта паст бўлган.

Шунингдек, одатда овқатдан сўнг фаоллашадиган ГЛП-1 гормони даражасида ҳам кўтарилиш кузатилмади. Мутахассислар ушбу омил иккинчи турдаги қандли диабет, предиабет ва семизликдан азият чекувчи беморлар учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

**Ушбу модда устида кенг кўламли тадқиқотлар давом эттирилиши мумкин**

Ҳозирча Свеелинънинг саломатликка узоқ муддатли таъсири ҳақида якуний хулоса чиқаришга эрта, чунки тадқиқот қисқа муддатли бўлиб, у бевосита "Амаи Протеинс" компанияси томонидан молиялаштирилган.

Шунга қарамай, АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси Свеелин хавфсизлиги тўғрисидаги баёнотга эътироз билдирмади. Айни пайтда мазкур ширинлаштирувчи маҳсулот АҚШ, Сингапур ва Исроил бозорларида сотувга чиқарилган. Олимларнинг таъкидлашича, модданинг инсон организмига узоқ муддатли таъсирини тўлиқ баҳолаш учун кенг кўламли тадқиқотлар давом эттирилиши лозим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.