Олимлар глобал ҳалокат юз берган тақдирда энг хавфсиз мамлакат қайси эканини маълум қилди

Олимлар глобал фалокат юз берганда энг хавфсиз мамлакатни аниқладилар.
Илмий-фантастик асарлар ва филмларда кўпинча даҳшатли глобал фалокатлардан кейинги ҳаёт тасвирланади. Мутахассисларнинг фикрича, бундай воқеаларнинг реал ҳаётда содир бўлиш эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли, халқаро олимлар жамоаси Ер юзида фалокат юз берганда омон қолиш учун энг кўп имконият қайси давлатларда эканини ўрганиб чиқди.
Тадқиқотда бир неча ой ёки йиллар давомида дунё аҳолисининг камида 10 фоизи ҳалок бўлишига олиб келадиган ҳодисалар глобал хавф-хатарлар сифатида баҳоланди. Муаллифлар ушбу хавфларни учта асосий тоифага ажратган:
**Қуёш нурининг тўсатдан камайиши**
Кучли вулқон отилиши, ядровий уруш ёки сайёрага астероид тушиши қуёш нурини тўсиб қўйиши мумкин. Бу кескин совиш, иқлим ўзгариши ва ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади ҳамда халқаро озиқ-овқат савдосига жиддий зарба беради.
**Инфратузилманинг буткул барбод бўлиши**
Ядровий портлаш, кучли геомагнит бўрони ёки глобал киберҳужум туфайли электр энергияси узоқ муддатга ўчиб қолиши мумкин. Деярли барча ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги электр токига боғлангани сабабли, бу ижтимоий тизимларни парчалайди ва озиқ-овқат маҳсулотларини кескин камайтиради.
**Глобал биологик хавфлар**
Ўта юқумли ва ўлим даражаси юқори бўлган инфексиянинг тарқалиши юз миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Оқибатда ищи кучи етишмай очарчилик бошланади, соғлиқни сақлаш тизими эса тамоман инқирозга учрайди.
**Қайси давлатлар энг чидамли?**
Олимлар давлатларнинг бундай кучли зарбалардан кейин қайта тикланиш ва ўзини ўзи боқиш қобилиятини ҳам текширди. Бунда кучли давлат назорати, аҳоли фаровонлиги, ривожланган саноат, географик жиҳатдан бошқа ҳудудлардан узилганлик ҳамда ташқи савдога қарамликнинг пастлиги каби омиллар ҳисобга олинди.
Якуний хулосага кўра, Австралия дунёдаги энг барқарор ва хавфсиз давлат сифатида топилди. Унинг асосий устунликлари — бошқа қитъалардан узоқлиги, ривожланган қишлоқ хўжалиги ва юқори саноат салоҳиятидир. Шундай бўлса-да, Австралияни ҳам мутлақо мукаммал деб бўлмайди. Боиси мамлакат ёқилғи, дори-дармон ва минерал ўғитлар импортига қаттиқ боғланиб қолган.
Глобал офат пайтида омон қолиш имконияти юқори бўлган давлатлар рўйхатига, шунингдек, Янги Зеландия, Япония, Швейсария ва Аргентина ҳам киритилди. Бироқ ушбу мамлакатларнинг аксарияти сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани ва қирғоқ чизиқлари узунлиги сабабли кучли сунами хавфи остида қолиши мумкин.
Экспертларнинг фикрича, глобал фалокатлар юз берган тақдирда, айнан мана шу давлатлар бутун инсоният учун озиқ-овқат ва уруғчилик захираларини сақлаш марказига, шунингдек, глобал фалокатларга қарши халқаро чора кўриш базаларига айланиши мумкин.

