Ўлим билан юзма-юз келган Голливуд юлдузлари

**Ўлим билан юзма-юз келган Голливуд юлдузлари**
Ҳатто дунё таниган машҳурлар ҳам ўлим хавф соладиган кутилмаган вазиятлардан суғурталанмаган. Уларнинг айримлари клиник ўлимни бошдан кечирган, комага тушган ёки оғир жароҳатлар олиб, чин маънода ҳаёт ва мамот чегарасидан омон қайтган.
**Доналд Сазерленд: Менингит сабабли комага тушган**
Канадалик таниқли актёр Доналд Сазерленд карьерасининг илк давридаёқ бир ўлимдан қолган. 1960-йиллар охирида Югославияда “Келли қаҳрамонлари” филмини суратга олиш жараёнида 33 ёшли актёр оғир хасталикка чалинади. Унга бактериал менингит ташхиси қўйилади. Маҳаллий шифохоналарда зарур антибиотиклар топилмагани сабабли Сазерленднинг аҳволи ёмонлашади. Оқибатда актёр комага тушади. Шифокорлар ўшанда Доналднинг юраги тўхтаганини қайд этган.
Актёрнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун киностудия зудлик билан махсус санитария самолётини чақиртириб, уни Лондоннинг Чаринг-Кросс шифохонасига эвакуация қилади. Сазерленд у ерда олти ҳафта даволаниш ва реабилитация курсини ўтайди. Касаллик чекинади ва актёр кутилмаганда соғлом ҳаётга қайтади.
**Гери Бюзи: Мотосикл ҳалокати туфайли бир ой комада бўлган**
1988-йилнинг 4-декабр куни 44 ёшли актёр Калифорнияда шахсий Ҳарлей-Давидсон мотоциклида даҳшатли ҳалокатга учрайди. Йўл-транспорт ҳодисасида шлемсиз бўлган Бюзи боши билан асфалтга йиқилиб, оғир жароҳат олади. Актёр ўта оғир аҳволда шифохонага етказилгач, шошилинч нейрохирургик операция қилинади. Жарроҳлик столидалигида актёрда клиник ўлим ҳолати кузатилади. Шифокорлар тўхтаб қолган юракни қайта урдиришга ва операцияни муваффақиятли тугатишга эришадилар. Шундан сўнг мия тикланиши учун вақт ютиш мақсадида уни сунъий кома ҳолатига ўтказишади ва актёр бу ҳолатда салкам тўрт ҳафта қолади.
Бюзи комадан чиққач, жисмоний жиҳатдан тез ўнгланади — унда фалажлик ёки нутқ қобилиятининг йўқолиши кузатилмайди. Бироқ мия жароҳати асорациз кетмади: актёрнинг ўз-ўзини назорат қилиш тизимига жавоб берадиган пешона қисмлари жиддий зарар кўрганди. Кейинчалик атрофидагилар Герининг характери буткул ўзгарганини — у ўта импулсив, ғайритабиий хатти-ҳаракатларга ва агрессияга мойил бўлиб қолганини таъкидлашган.
**Холли Берри: Диабет туфайли комага тушган**
1989-йилда “Жонли қўғирчоқлар” ситкомини суратга олиш майдончасида 22 ёшли актриса кутилмаганда ҳушидан кетиб йиқилади. Маълум бўлишича, Холлида диабетик криз юз берган ва бу уни чуқур кома ҳолатига туширган. Шифокорлар актрисанинг ҳаётий кўрсаткичларини барқарорлаштиргунга қадар у бир ҳафта давомида комада ётади. Шифохонада унга 1-тоифали қандли диабет ташхиси қўйилади. Бу актриса учун мутлақо кутилмаган хабар эди, чунки у бунгача ўзида бундай касаллик борлигини хаёлига ҳам келтирмаган.
Комадан чиққанидан кейин Холли Берри ҳаёт тарзини тубдан ўзгартиришга мажбур бўлди. У овқатланиш рационини ва қондаги шакар миқдорини қатъий назорат қилиб, мунтазам равишда инсулин қабул қилишни бошлади. Кейинчалик юлдуз диабет асоратларидан жуда қўрққанини, бироқ вақт ўтиб касалликни жиловлашни ўрганганини ва муваффақиятли карьерасини давом эттирганини айтган.
**Шерон Стоун: Аневризма ёрилиши**
“Асосий инстинкт” филми юлдузи Шерон Стоуннинг ҳаётига ҳам машҳурлик чўққисида эканида якун ясалиши мумкин эди. 2001-йилнинг сентябрида 43 ёшли актриса бош мия қон томирлари аневризмасининг ёрилишини бошдан кечирди. Ҳеч қандай бошланғич белгиларсиз актрисанинг миясидаги артерия ёрилиб кетган ва қон қуйилиши юз берган. Шифокорлар тўғри ташхис қўйгунга қадар тўққиз кун ўтади — бу вақт давомида Стоун ҳаёт ва мамот ёқасида эди. Ички қон кетиш сабабли Шерон вазнининг қарийб 18 фоизини йўқотади, мустақил нафас ололмай қолади, гапириш у ёқда турсин, ҳаттоки ўтириш қобилиятидан ҳам маҳрум бўлади. Якунда актриса комага тушади.
Стоунни мўжиза туфайлигина сақлаб қолишган. Жарроҳлар мияда ўта мураккаб амалиёт ўтказиб, қон кетишини тўхтатишга ва юрак уришини тиклашга эришган. Шундан кейин узоқ тикланиш жараёни бошланди. Шерон шифохонада 8 ой ётди ва бир неча йил давомида реабилитация билан шуғулланди. У юришни, гапиришни ва ҳатто ўқишни қайтадан ўрганди.
**Жереми Реннер: Мудҳиш бахциз ҳодисадан омон қолган**
2023-йилнинг 1-январ куни Марвел юлдузи Жереми Реннер Невададаги уйи яқинида қор тозалаш вақтида оғир жароҳатланади. 51 ёшли актёр жиянига қор остида қолган машинасини махсус қор тозалаш техникаси ёрдамида чиқариб олишга кўмаклашаётган эди. Кутилмаганда баҳайбат техника назоратдан чиқиб, пастга сирғала бошлайди. Жереми жиянини босиб кетишидан қўрқиб, ҳаракатланаётган машинани тўхтатмоқчи бўлади ва ўзи улкан гусеницалар остида қолиб кетади.
Реннер ўта оғир аҳволда махсус санитария вертолёти орқали госпиталга етказилади. Кейинчалик маълум бўлишича, актёрнинг 30 дан ортиқ суяги синган — қовурғалар, ўмров суяклари ва оёқлар майдаланиб кетган, ўпка жиддий шикастланган эди. Бир неча кун давомида Жереми реанимацияда қолади, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашади. Оқибатда актёрнинг аҳволи барқарорлашади.
Ўша йилнинг баҳор ойларига келиб актёр мустақил равишда ҳаракатланишни бошлайди. Авариядан уч ой ўтиб берган интервюсида у даҳшатли оғриқлар ва умидсизлик дамларини бошдан кечирганини, бироқ бирор марта ҳам яшашга бўлган иродасини йўқотмаганини таъкидлаган.

