Лайфстайл

Ўлим билан шартлашган аёл: Ниагара шаршарасидаги хатарли томоша

Энни бир зумда машҳур бўлиб кетди. Уни «Ниагара маликаси» деб атай бошлашди. Энни хотираларини китоб

**Ўлим билан шартлашган аёл: Ниагара шаршарасидаги хатарли томоша**

1901-йил 24-октябр куни минглаб одамлар Ниагара шаршараси атрофида тўпланишди. Уларнинг барчаси дарёда оқиб келаётган ғалати бочкага тикилиб туришарди. Бочка ичида 63 ёшли Энни Эдисон Тейлор исмли аёл бор эди. Бир неча дақиқадан сўнг бочка дунёдаги энг машҳур ва хавфли шаршаралардан бири – Ниагаранинг Ҳорсешое Фаллс қисмидан 51 метр пастга қулади. Оддий одам учун бу ўлим билан тенг эди, аммо Энни ўлимни излаб эмас, бойлик ва шуҳрат ортидан бораётганди. Бироқ унинг бу қарори ортида оддий пул истагидан кўра оғирроқ ҳаёт тарихи яширинган эди.

**Бой оиланинг қизчаси**

Энни 1838-йил 24-октябрда Ню-Ёрк штатининг Оберн шаҳрида туғилган. Оилада ундан ташқари яна етти нафар фарзанд бор эди. Отаси Меррик Эдсон ун тегирмонига эга бўлиб, оила дастлаб фаровон яшарди. Аммо Энни 12 ёшга тўлмасидан отаси вафот этди. Отасидан қолган мерос оилага маълум вақт муносиб яшаш имконини берди.

Энни оддий қиз эмасди. У китоб ўқишни, саёҳатлар ҳақидаги ҳикояларни яхши кўрарди. Кейинчалик ўқитувчилик касбини эгаллади. Унинг ҳаётида бир пайтлар тинч ва оддий келажак бўлиши мумкин эди, аммо тақдир бошқача режа тузди.

Энни таҳсил олаётган пайтида Девид Тейлор исмли йигит билан танишди ва улар бир-бирига кўнгил қўйишди. Энни ҳали жуда ёш эди. Тез орада улар турмуш қуришди, лекин бу никоҳ унга бахтдан кўра кўпроқ мусибат олиб келди. Уларнинг ягона фарзанди – ўғил дунёга келди, аммо чақалоқ бир неча кунгина яшаб вафот этди. Энни учун бу биринчи катта фожиа эди. Она бўлиш бахтини ҳис қилишга улгурмай, фарзандидан айрилди. Аммо унинг бошига тушган зарба шу билан тугамади.

**Уруш**

Боласидан айрилган Энни ҳали бу оғриқдан чиқиб улгурмаганди. Девид Тейлор Америкадаги Фуқаролар уруши даврида ҳарбий хизматга кетди ва урушдан тирик қайтмади. Ўшанда 1864-йил эди.

Энни ёш бевага айланди. Энди уни уйда кутадиган на фарзанди, на турмуш ўртоғи бор эди. Ўша замонларда ёлғиз аёлнинг ҳаёти ҳозиргидек эмасди. Ижтимоий ҳимоя, пенсия ёки барқарор ёрдам тизими деярли йўқ эди. Бева аёл ўзини ўзи таъминлаши керак эди.

Энни ўз ҳаётини қайта қуришга қарор қилди. У ўқишга кириб, ўқитувчи бўлишга қарор қилди. Кейин турли шаҳарларда ишлади. Энни мактабда дарс бериш билан бирга рақс ўргатди, мусиқа билан шуғулланди, жисмоний тарбия бўйича дарс берди. Ҳатто Мичиган штатидаги Бей-Сити шаҳрида ўзининг рақс мактабини очди. У, асосан, меросдан қолган маблағга суянарди. Бу сармоя аста-секин тугади.

Энни қариликда қашшоқ бўлиб қолишдан қўрқарди. 62 ёшида у ҳали ҳам пул топиш йўлини қидирарди. Энни Бей-Ситида рақс мактабини очди, аммо натижа кутилганидек бўлмади. Кейин Сент-Мерисда мусиқа бўйича сабоқ берди. Техасга равона бўлди, иш қидирди. Ҳатто Мексика шаҳригача бориб, тирикчилик учун имконият излади. Аммо омади келмади.

У яна АҚШга қайтди. Энни энди бир нарсани жуда яхши тушунган эди: у қариликда ўзини таъминлаш учун катта бир иш қилиши керак. Шунда ақлга сиғмайдиган ғоя туғилди.

**«Шаршарадан бочкада тушаман!»**

Энни Ниагара шаршарасига одамлар оқиб келишини, бу ерда турли хавфли трюклар қилганлар машҳур бўлиб, пул топаётганини биларди. Унинг ўзида эса бошқаларда йўқ бир нарса бор эди: жасорат. Энни қарор қилди: «Мен Ниагара шаршарасидан бочкада ўтаман». Мақсади аниқ эди – машҳур бўлиш ва шон-шуҳратни пулга айлантириш.

Энни махсус бочка ясатди. Ушбу буюртма Кентукки дубидан тайёрланди, темир ҳалқалар билан мустаҳкамланди. Ичига матрас ва ёстиқлар жойлаштирилди. Бочканинг сувда тик туриши учун оғир юк ҳам ишлатилган. Энни ўзини бочка ичига маҳкамлатиши керак эди.

Унинг ёнига ҳаво кириши учун махсус найча ўрнатилди. Бу оддий «трюк» эмасди. Бу ҳаёт ёки ўлим эди.

**Аввал мушук...**

Энни дарҳол ўзини бочкага солишга журъат қилмади. Аввал бочканинг қанчалик мустаҳкам эканини текшириш учун унга мушук жойлаштирилди. Бочка Ниагарага ташланди. Мушук тирик қолди.

Навбат Эннига келди. 1901-йил 24-октябр – унинг туғилган куни эди. Энг ҳайратланарли томони шуки, Энни бу ишни тасодифан эмас, 63 ёшга тўлган кунида амалга оширмоқчи эди.

Бочка сувга туширилди. Энни ичига жойлашди. Қопқоқ ёпилди. Унинг ортида чекиниш йўли қолмади. Бочка оқим билан ҳаракатлана бошлади. Шаршара эса тобора яқинлашарди.

Бочка Ниагаранинг улкан сув оқимига кириб борди. Томошабинлар қичқириқлари остида у шаршара четидан учди.

51 метр пастга! Бир неча сониядан сўнг бочка сув остида ғойиб бўлди. Ҳамма жим. Энди битта савол бор: «У тирикми?» Қутқарувчилар бочкага етиб боришди.

Қопқоқ очилди. Энни тирик эди! Унинг бошида жароҳат бор эди, аммо омон қолганди. У тарихда Ниагара шаршарасидан бочкада тушиб, тирик қолган биринчи инсонга айланди.

**Ниагара маликаси**

Энни бир зумда машҳур бўлиб кетди. Уни «Ниагара маликаси» деб атай бошлашди. Энни хотираларини китоб қилиб чиқарди. Унда ҳаёти ва Ниагарадаги саргузашти ўз тилидан баён қилинганди. Китоб бугун ҳам очиқ манбаларда мавжуд.

Энни ниҳоят ўзини машҳур қилган ишни амалга оширганди. Энди пул келиши керак эди. Аммо...

Машҳурлик бор, пул эса йўқ эди. Энни катта довруқ қозонди, аммо бойиб кетмади. У одамлар билан суратга тушди, дастхат берди, китоб сотди. Лекин катта даромадга эриша олмади. Унинг ҳатто энг қимматли анжоми – машҳур бочкаси ҳам муаммога айланди. Менежери Френк Рассел бочка билан қочиб кетди. Энни уни топиш учун жамғарган маблағларининг катта қисмини хусусий детективларга сарфлади. Бочка топилди. Аммо кейин яна унинг қўлидан кетди.

Тақдир гўё Эннига: «Сенинг шуҳратинг бор, аммо бойлигинг йўқ», деяётгандек эди.

**У яна Ниагарага қайтди**

Энни ҳаётининг охирги йилларида ҳам пул топишга уринди. У сайёҳлар билан суратга тушди. Бочкаси ҳақида ҳикоялар битди. Қимматли қоғозлар бозорида пул ишлашга ҳаракат қилди. Ҳатто яна бир марта шаршарадан тушиш ҳақида ҳам гапирди. Кейинчалик фолбинлик ва турли «даволаш» хизматлари билан ҳам шуғулланди.

Аммо у энди аввалги Энни эмасди. Йиллар ўтган, ёши қариб қолганди. Соғлиғи ёмонлашган, кўзи хиралашган эди. Унинг ўзи ҳам Ниагарадаги хавфли тушиши саломатлигига таъсир қилганини айтган.

1921-йил феврал ойида Энни Локпорт шаҳридаги камбағаллар шифохонасига тушди. Орадан икки ой ўтиб, 29-апрел куни у 82 ёшида вафот этди. Аммо энг аччиқ ҳақиқат шуки, Ниагарадан тирик чиққан аёл ҳаётининг охирида деярли пули қолмаган эди.

Унинг дафн маросими учун жамоатдан хайрия йиғишга тўғри келди. Энни Ниагарадаги бошқа машҳур таваккалчи Карлайл Грем ёнига, «Стунтеръс Рест» деб аталадиган махсус қисмга дафн қилинди.

Энни Эдисон Тейлор миллионер бўлмади. У катта саройларда яшамади. Оилавий ҳаёти бахтли якунланмади. Аммо у тарихда қолди.

Бу аёлнинг ишини бошқалар ҳам такрорлашга уринди. Аммо баъзи саъй-ҳаракатлар фожиа билан тугади. 1911-йилда британиялик Бобби Лич ҳам бочкада Ниагара шаршарасидан ўтди. У тирик қолди, аммо оғир жароҳатлар олди – тиззалари ва жағи синди. Гуиннесс маълумотларига кўра, 1901–1955-йиллар оралиғида Эннининг ишини такрорлашга уринган 15 кишидан фақат 10 нафари омон қолган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.