Оилавий боғчалар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади
Ўзларига тегишли нотурар бино ва ер участкасида оилавий боғча очган ЯТТлар шу кўчмас мулк обьектлари бўйича мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинади. Бозор ва савдо комплексларида хизмат кўрсатувчилар учун фойда солиғи ставкаси пасайтирилади. Янги очилган қишлоқ хўжалиги корхоналари қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган обьектлар бўйича мол-мулк солиғи тўламайди. Солиқ маслаҳатчилари жиноят процессида солиқ тўловчининг вакили сифатида қатнашиши мумкинлиги белгиланади.

Ўзбекистон Президенти тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармонни имзолади. Ушбу фармонга кўра, тадбиркорларга бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилиши кутилмоқда.
Жумладан, бозор ва савдо комплексларида хизмат кўрсатишдан олинган фойда учун фойда солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади. Янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги корхоналари бевосита қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган обьектлар бўйича жорий солиқ даврида мол-мулк солиғидан озод этилади.
Шунингдек, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини очган якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу боғчалар фаолиятида фойдаланиладиган ҳамда уларнинг эгалигида бўлган нотурар бино ва ер участкалари бўйича мол-мулк солиғи ҳамда ер солиғидан озод қилинади.
Жиноят-процессуал кодексига солиқ маслаҳатчилари солиқ тўловчининг вакили сифатида иштирок этиши мумкинлиги билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилади. Юридик шахснинг жисмоний шахс бўлган таъсисчиси томонидан ушбу юридик шахсга ижарага ёки текин фойдаланишга берилган кўчмас мулк обьектларига нисбатан ижара тўловининг энг кам миқдори қўлланмайди.
Ушбу ўзгаришларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси 2026-йил декабр ойига қадар тайёр бўлиши режалаштирилган.

