ОИИБ Озарбайжонга Ўзбекистон иштирокидаги «яшил» энергетика йўлагини тайёрлаш учун 1 миллион доллар грант ажратди
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги «яшил» энергия йўлаги техник-иқтисодий асосланишининг (ТИА) биринчи босқичини тайёрлашга 1 миллион доллар грант йўналтирилади. Лойиҳа Каспий денгизи орқали 400 километрлик кабель ётқизишни назарда тутади ва истиқболда Европага электр энергияси етказиб бериш имконини беради.

ОИИБ Ўзбекистон иштирокидаги «яшил» энергетика йўлагини тайёрлаш учун Озарбайжонга 1 млн доллар грант ажратди
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энерготизимларини бирлаштириши керак бўлган «Каспий яшил энергетика йўлаги» лойиҳаси техник-иқтисодий асосланишининг биринчи босқичи учун 1 млн доллар миқдорида грант жалб қилди.
Лойиҳа Каспий денгизи орқали Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида узунлиги 400 км бўлган сувости электр кабелини ётқизишни назарда тутади. Ўзбекистон йўлакка қуруқликдаги электр тармоқлари орқали уланади. Истиқболда ушбу йўналиш қайта тикланувчи манбалардан олинадиган электр энергиясини Европага етказиб бериш имконини беради.
Маблағлар Ривожланишни молиялаштириш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик марказининг (MCDF) Молиявий механизми томонидан тақдим этилди. ОИИБ ва Озарбайжон ҳукумати тегишли грант битимини имзолади. Ҳужжатлар имзолангани ҳақида 9 октябрь куни Озарбайжон Энергетика вазирлиги ҳам хабар берди.
Грант техник-иқтисодий асослашнинг (ТИА) биринчи босқичига йўналтирилади. Тадқиқот доирасида мутахассислар лойиҳанинг техник, иқтисодий, молиявий, экологик ва ижтимоий нуқтаи назардан қанчалик амалга оширилиши мумкинлигини баҳолайдилар. Бундан ташқари, электр энергиясини узатиш вариантлари ва трансчегаравий савдо имкониятлари ўрганилади.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) техник ёрдам учун қўшимча равишда 1 млн доллар ажратади. Шу тариқа, тадқиқотни қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми 2 млн долларни ташкил этади. Лойиҳани тайёрлаш билан икки банк биргаликда шуғулланади.
Иккинчи битим Озарбайжондаги денгиз шамол электр станциялари учун қирғоқ инфратузилмаси, жумладан, порт иншоотлари, ихтисослаштирилган кемалар, подстанциялар ва энерготизимга уланиш концепциясини ишлаб чиқиш учун 100 минг доллар миқдорида грант ажратилишини назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари 2024 йил 13 ноябрда Бокуда бўлиб ўтган COP29 иқлим саммитида «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаган эдилар.
2025 йил июль ойида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», Қозоғистоннинг KEGOC ва Озарбайжоннинг «Азерэнержи» компаниялари лойиҳани амалга ошириш учун Бокуда Green Corridor Alliance қўшма корхонасини ташкил этди. 2030 йилдан бошлаб Ўзбекистон мамлакатда ишлаб чиқариладиган ортиқча «яшил» электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда.

