Оҳангаронда МЧЖ раҳбари 83,5 минг доллар олаётганда ушланди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида паррандачилик фабрикаси қурилишида бош пудратчи бўлган МЧЖ раҳбари ёрдамчи пудратчига 1,2 млрд сўмлик қолдиқ тўловни амалга ошириш эвазига 83,5 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ушланди.

Оҳангаронда МЧЖ раҳбари 83,5 минг долларни олаётган пайтда қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Оҳангарон туманида фаолияти йўлга қўйилаётган паррандачилик фабрикаси қурилиши бўйича бош пудратчи сифатида белгиланган МЧЖ раҳбари жорий йил апрел ойида бошқа бир МЧЖ билан обьектнинг ички йўлларини асфалтлаш юзасидан 3,7 млрд сўмлик шартнома имзолаган.
Ёрдамчи пудратчи шартномада кўрсатилган ишларни бажарган. Шундан кейин бош пудратчи келишилган маблағнинг 2,5 млрд сўмини унинг ҳисоб рақамига ўтказган, қолган 1,2 млрд сўмни эса тўламаган.
ДХХ маълумотида қайд этилишича, бош пудратчи МЧЖ раҳбари ёрдамчи пудратчига асфалтлаш ишларини топширгани ва қолган 1,2 млрд сўмни тўлаб бериши эвазига корхона таъсисчисидан жами 83,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ўтказган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари сўралган 83,5 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

