Оҳангарон тоғларида адашган беш киши ярим тунда топилди
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тоғга дам олиш учун чиққан беш нафар фуқаро адашиб қолди. «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармаси ходимлари уларни тунги соат 00:31 да топиб, хавфсиз ҳудудга олиб тушди.

Оҳангарон тоғларида адашиб қолган беш нафар киши ярим тунда топилди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 4-октабр куни соат 19:37 да «112» тизими орқали Оҳангарон туманининг Чинор маҳалласи ҳудудидаги тоғларда беш киши адашиб қолгани ҳақида хабар келиб тушган.
Мурожаатга асосан «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармасининг «Бешқўл» навбатчилик қисми қутқарувчилари қидирув-қутқарув ишларини олиб борган.
Қидирув ишлари натижасида фуқаролар 5-октабрга ўтар кечаси соат 00:31 да топилган. Уларнинг барчаси тоғдан хавфсиз ҳудудга олиб тушилиб, яшаш манзилларига жўнатилган.
ФВВ фуқароларни тоғли ҳудудларга чиққанда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди. Шунингдек, об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш ва сафар йўналишини олдиндан белгилаб олиш зарурлигини эслатди.

