Лайфстайл

“Одиссея” — Кристофер Ноланнинг энг муҳим филми ҳақида

“Одиссея” — Кристофер Ноланнинг энг муҳим филми ҳақида

“Одиссея”ни ниҳоят томоша қилдим. Таассуротлар жуда катта. Кристофер Ноланнинг сўнгги филми чиққанидан кўп ўтмай миллиардлаб доллар ишлаб топган бўлса-да, уни шубҳасиз ҳаммага бирдек ёқадиган асар деб бўлмайди. Буни ижтимоий тармоқлардаги баҳслар, танқидлар ва мақтовлардан ҳам кўриш мумкин. Шу сабабли қуйида филм ҳақида ёзар эканман, фақат ўзим англаган нарсалар ва ўз хулосаларимни баён қилдим. Яъни аслида кимдир кинодан бутунлай бошқа таассурот ва хулосалар олиши, балки режиссёрнинг ўзи ҳам айрим нуқталарда бошқа ғояни илгари сургандир. Аммо буларнинг ҳеч бири “Одиссея” ҳақида субьектив фикр билдиришга тўсқинлик қила олмайди. Зеро, ҳар қандай асарнинг муаллиф ғоясига боғлиқлиги масаласида икки хил қараш мавжуд.

Биринчи тоифа фикрича, ҳар қандай асар муаллиф ғоясидан мустақил эмас. Муайян саҳна, оҳанг ёки образ орқали муаллиф айнан нима демоқчи бўлса, ҳақиқий ва ягона маъно ўшадир, бошқа талқинларнинг барчаси асоссиз ҳисобланади. Бошқа қараш эса буни рад этади — асар муаллиф ғоясидан эркин равишда бир нечта талқинга эга бўлиши мумкин. Тасаввур қилинг, биз бир неча минг йил аввал чизилган бир суратни топиб олдик, унинг муаллифини ҳам, бу асар билан нима демоқчи бўлганини ҳам билмаймиз. Лекин уни таҳлил қилишимиз, унга турлича янги мазмунлар беришимиз мумкин. Яъни иккинчи тоифага кўра ҳар қандай асарни тушуниш субьективдир.

Фақат асарда бизнинг талқинимизни инкор қиладиган нуқталар бўлмаслиги керак. Масалан, бир филмни ўзимизча тушуниб, талқин қиляпмиз ва қаҳрамонлардан бирини реал эмас, бошқа образнинг хаёлоти маҳсули деб баҳоладик. Агар биз ҳақиқий деб билмаган ўша қаҳрамон филм давомида бошқа қаҳрамонлар билан ҳам мулоқотга киришса, қайсидир саҳнада моддий таъсир кўрсаца, табиийки, хулосамиз нотўғри бўлиб чиқади. Чунки асарнинг ўзида очиқ зиддиятлар бор. Токи шундай зиддиятлар топилмас экан, ушбу филмга оид субьектив баҳоларнинг барчаси яшашга ҳақли ҳисобланади. Менимча, тушундингиз.

Кристофер Ноланнинг ўзи, менимча, иккинчи тоифага киради, зеро режиссёр ижодида турлича талқин қилиниши мумкин бўлган саҳналар, очиқ якунлар жуда кўп. Масалан, Леонардо Ди Каприо бош ролни ўйнаган “Ибтидо” филмининг якуни ҳақида ҳануз мунозаралар давом этади. Филм охирида Коб мақсадига эришдими ёки сўнгги саҳналар ҳам тушда кечяптими, аниқ жавоб берилмаган ва қизиғи, шу пайтгача Ноланнинг ўзи ҳам бу баҳсларга нуқта қўймади. Демак, Нолан ҳатто ўзи яратган асарларнинг ҳам турлича талқинга эга бўлишига қарши эмас — айнан шу омил менга ҳам “Одиссея”ни томоша қилиш ва тушунишда эркинлик беради.

Аввало, филмнинг маркетинги таҳсинга лойиқ. Биринчидан, Кристофер Нолан номининг ўзиёқ катта юриш, зеро бу режиссёр айни дамда шундай даражага чиққанки, унинг ҳар қандай ишини бутун дунё интизорлик билан кутади. Режиссёрнинг аввалги ишлари ҳам деярли шундай ҳолатга гувоҳ бўлганмиз. Танланган актёрлар, премьерадан олдин пайдо бўлган кадрлар, филм трейлери эса муҳокамаларни илгари кузатилмаган чўққига олиб чиқди. “Одиссея” қаҳрамонларини “Троя” филми билан солиштирадиган кўпчиликка, ростдан ҳам Гомер ўқиган, асарнинг соф ҳолатини ўзиникидек ҳимоя қилишга тайёрроқ зиёлилар қатлам ҳам қўшилди. “Кўрмадим, лекин танқид қиламан” эмас, Гомер билан фарқларни сезиш учун парданинг бироз кўтарилиши кифоя эди. Танланган актёрлар, “Одиссея” олами муҳити, декорация ва кийимлардан тортиб афсонавий махлуқларгача бошқача — Кристофер Нолан адабиётдаги муқаддасиётларимиздан бирини оёқости қилмаяптими?

Аммо турли шаклланган стереотиплардан четлашиб, аслида машҳур “Троя” филмида ҳам фарқлар етарлича бўлганини унутмаган ҳолда, Ноланнинг филмини алоҳида бир асар, бир ҳикоя сифатида томоша қила бошласангиз, менимча, ёқади. Ва амин бўласизки, бироз оддийроқ Одиссей, қора танли Елена ёки бошқа “кўзга ботадиган” жиҳатлар қандайдир маркетинг сиёсати, киносаноатдаги янги тренд ёки бошқа ташқи таъсирлар маҳсули эмас, балки режиссёрнинг умумий ғоясидаги бир бўлак эканини англайсиз.

Кино ҳақидаги турли мулоҳазалар орасида менга бир фикр ёқди — Нолан ҳам замонамизнинг Гомери. Аниқроғи, Гомер ҳам аслида ўз даврининг “Нолани” бўлган ва бу достон ҳам ўз замонасининг блокбастери эди. Ростдан ҳам уч минг йил олдинги даврни ҳикоя қиладиган асарларнинг бизгача етиб келишида, шубҳасиз, Гомер, Нолан каби ҳикоянависларнинг хизмати беқиёс. Аслида Гомернинг ўзи ҳам “Одиссея”да ўз давридан уч-тўрт юз йил олдинги воқеаларни ҳикоя қилади. Бугунги кундан туриб, 16-17-асрларни кўз олдингизга келтиринг — бу ҳақда қанчалик биламиз? Яна томлаб тарихий ва бадиий китоблар, интернет-у ЧатГПТълар бўлмаган эрамиздан аввалги 8-асрда Гомер бронза даврини қанчалик аниқликда ҳикоя қилиб бера оларди?

Яъни ўз вақтида Гомер ҳам бугун Нолан шуғулланаётган ишни қилган, афсонани замондошларига мос ва қизиқарли шаклда ҳикоя қилиб берган. Тарихий билимларга ва ҳақиқий “Одиссея” достонига яқинлик ростдан ҳам Нолан филмини қизиқарлироқ қилармиди? Йўқ, менимча. Ваҳоланки, 90-йиллар охирида Андрей Кончаловский олган филм ёки 2024-йилда бош ролларни Рейф Файнс ва Жюлет Бинош ўйнаган “Одиссейнинг қайтиши” каби филмлар грек афсонасига ҳар томонлама жуда яқин, лекин биз учун бу қадар сезилмасдан ўтиб кетди.

Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўзбек киноси икки марта экранлаштирган. Қизиғи, халқ китобга максимал яқинлаштирилган, диалоглар, тил, кийимлар ҳақиқий “Ўткан кунлар”га яқинроқ бўлиб, ҳатто баъзи саҳналар билан тўлдирилган иккинчи, яъни 90-йиллардаги филмни эмас, эски вариантни кўпроқ эслаб қолган, кўпроқ томоша қилади. Сабаби воқеаларни замонга мослаштириш, ҳикоя тили айнан биринчисида муваффақиятлироқ бўлган, буни инкор қилиб бўлмайди. Умуман, асарнинг бугунгача фолклоримизнинг бир қисми бўлиб қолишида, Отабек ва Кумуш севгисининг ёш-у қарига таниш бўлишида, табиийки, китобгина эмас, кинонинг ҳам аҳамияти катта.

Нолан “Одиссея” режиссёри сифатида айнан шу иш билан шуғулланади. Асарни аслича эмас, айнан замонамиз одамига ҳикоя қилиб беради. Гомердаги “Одиссея”дан кўра кўпроқ бизга ўхшаб кийинадиган Одиссей, америкача талаффузда инглизча гапирадиган қаҳрамонлар, соч турмагидан тортиб услубигача бизнинг давр одамларини ёдга соладиган Роберт Паттинсон, Том Ҳолланд, Шарлиз Терон қаҳрамонлари бизга Гомерни эмас, мана шу филмни, Нолан ҳикоясини тушунишга ва ҳис қилишга ёрдам беради. Одиссей жамоасида қора танли ҳам, ҳинд ҳам, хитойлик ҳам бор — бу ҳам хато эмас. Декорация қанчалик эски бўлмасин, филм қаҳрамонларини аллақачон ўлиб кетган уч минг йил олдинги бегоналардек қабул қилмаймиз. Айтиш керакки, режиссёр ниятига етди ҳам — гап йиғилган миллиардлаб долларда эмас, бугунги кунда ёшлардан тортиб катталаргача яна “Одиссея”га қайтгани, ушбу ҳикоя қайтадан блокбастерга айланганидадир. Кимдир бу афсона ҳақида маълумот қидирган, кимдир ўқиш учун Гомер асарини излаган, бошқаси бу мавзудаги бошқа режиссёрларнинг киноларини кўриб чиққан, интернет оламида турли тилларда юзлаб подкастлар, мемлар пайдо бўлган, умуман бу мавзу қайтадан умумий култга айланган.

Энди муҳим жиҳат шуки, Кристофер Ноланнинг нияти “Одиссея”ни қайтадан машҳур қилиш эмас, албатта. Бу афсона ёшликдан Ноланнинг қалбига ўрнашиб қолган-у, дунё асарни унутиб юбораётганидан азият чекиб, ниҳоят уни қайта жонлантирди, деб тушунмаган бўлардим. Шубҳасиз, ундай эмас. Ноланнинг “Одиссея”си, шунингдек, муаллифлик филми бўлиб, режиссёр ушбу воқеани ҳикоя қилиш орқали ўз асосий ғоясини илгари суради. “Одиссея”нинг ғояси эса аввало уруш, унинг оқибатлари, инсонлар ҳаётида қолдирадиган из ҳақида.

Ҳикоя қисқача мана бундай: греклар “Троя”ни қамал қилиб, ўн йиллар давомида ишғол қила олишмайди. Шунда Одиссей бир ҳийла ўйлаб топади. Катта от ясалиб, бир нечта уста жангчилар унинг ичига жойлашади, қолганлар эса узоқроққа яшириниб олишади. Отни тангрилар совғаси, ғалаба рамзи деб тушунган трояликлар уни шаҳарнинг ичига олиб киришади. Кечқурун эса отнинг ичидан чиққан жангчилар дарвозани очишади ва шаҳар ишғол қилинади. Рақиб жангчиларни ва шаҳар аҳолисини қиличдан ўтказган греклар қатори Одиссей ҳам ўз қўшинини олиб, ўз юртига, хотини Пенелопа олдига кемада қайтади. Лекин йўлда турли саргузаштларга йўлиқиб, ҳам шерикларидан айрилади, ҳам қайтиш яна узоқ йилларга чўзилиб кетади.

Нолан Гомернинг асосий ҳикоясини сақлаб қолган, шунингдек, асосий ғоя ҳам яқин — урушдан кейинги давр, урушнинг инсон руҳиятига таъсири, ўзликка қайтиш ва ҳоказо. Лекин Нолан уруш ва тинчлик ўртасидаги контрастни янада бўрттиради. Бу ҳам жуда муҳим, зеро эски даврларда уруш ҳаётнинг ажралмас бир қисми, тириклик ва тирикчиликнинг бир воситаси эди, табиийки, бугунги кун одами учун ундай эмас. Шу билан бирга, режиссёр огоҳлантиради ҳам — инсоният яна урушларга мурожаат қилар экан, яна уни нормаллаштирар экан, оқибатидан ҳам қутулиб қололмайди. Шунинг учун ҳам Гомернинг Одиссейи “Троя оти”ни ўйлаб топгани билан фахрланиб, ўша давр шартларида ғалабанинг асосий қаҳрамонига айланган бўлса, Ноланнинг Одиссейи аксинча, ўша кундан бошлаб ўзини айблай бошлайди. Буни биз Гомер қаҳрамони Троя жангидан кейин ҳам алдовларни, масалан сиклоп билан боғлиқ воқеаларни давом эттирганидан биламиз, Нолан эса Одиссейни қайтадан ёзгандек, Троя воқеасидан бошқа саҳналарда унинг қувлиги, ҳийлаларини кўрмаймиз. Ноланнинг Одиссейи шунинг учун ўлимга нисбатан оғирроқ муносабатга эга, шу туфайли кўп даражада пушаймон ҳам.

Нолан тарихга ва тарихий филмларга хос бўлган асосий жиҳат — уруш романтикасидан воз кечгани жуда ўринли ўйланган ва энг муҳим нуқтадир. Машҳур “Троя” филмини эсласангиз керак. Филмда “Одиссея”даги воқеаларгача бўлган давр, ўн йиллик уруш ҳикоя қилинади. Асосий қаҳрамонлардан бири Ахил ролига ўша даврнинг энг чиройли актёри Бред Питт жалб қилинган. Питт Ахилдек қаҳрамонга янада монанд бўлиш учун бир неча ой шуғулланган, қоматини мукаммал даражага келтирган. Унинг Гектор билан жанг саҳнаси эса, менимча, кино тарихидаги эстетик жиҳатдан энг чиройли жанглардан бири. Елена ролини соҳибжамол Диана Крюгер ижро этган, ростдан ҳам соҳибжамол.

Нолан филмида биз Ахилни кўрмаймиз. Умуман “Троя” ёки “Гладиатор” каби тарихий филмларда кўриб ўрганиб қолган қаҳрамонлар деярли йўқ, Одиссей ва унинг шериклари доим нимадандир қўрқиб қочиб юрган, доим ўлаётган бир жамоа. Ҳатто Одиссейнинг сўнгги жангида куёвларга қарата камон отиши саҳналарини эсланг — ўта даражада ўнғайсиз, хунук...

Бу орқали Нолан уруш ва ўлимда гўзаллик йўқлигини кўрсатади. Ҳатто соҳибжамол Елена линияси ҳам бошқача. Гап танланган актрисанинг қора танли эканида ҳам эмас, йўқ, худди Кумуш сингари ҳар бир ўқувчининг ўз Еленаси бор, буни ҳам биламан. Нолан агар бирор қаҳрамонини чиройли деб намойиш қилмоқчи бўлса, буни уддалашини яхши биламиз. Аммо атайлаб шундай қилмайди, чунки “минглаб қайиқларни сувга туширган Еленанинг юзи” қисман бўлса ҳам урушни оқлаб қўйган бўларди. Ахир бир соҳибжамол учун минглаб эркакларнинг жон бериши аслида нотўғри бўлса-да, романтик бир жараён. Режиссёр буни ҳам истамайди. Елена образига Лупита Нионго танлаш орқали Нолан Елена чиройли ёки хунук эди, демайди, шунчаки Еленанинг кимлиги, қанақалиги умуман фарқсиз демоқчи. Агамемнон ёки Еленанинг эри бўлмиш Манелайга аслида Елена эмас, Троя керак эди. Елена эса бир баҳона, демак унинг юзи ё қомати қандай экани умуман фарқсиз.

Гомер асарида борми, йўқми, билмадим, филмда “Денгиз халқлари” ҳақида сўз боради. Денгизда сузиб юриб оролларга ҳужум қиладиган қароқчилар тўдаси бўлиб, Одиссейнинг юрти бўлмиш Итакада мана шу хавфдан қўрқиб яшашар эди. Охирида Итакага қайтиб келадиган Одиссей Пенелопага “балки, биз ўзимиз денгиз халқларига айланиб қолгандирмиз” деган фикрни айтади. Кинода ушбу қароқчиларни кўрмаймиз, балки ростдан ҳам оролдан оролга сузиб юрган Одиссей командаси тилдан тилга кўчиб келгандир ёки Одиссейнинг Калипсо оролида етти йил қолиб кетганини эътиборга олсак, қароқчилар бутунлай бошқа одамлардир. Нолан ҳам буни аниқлаштирмайди, зеро бунинг аслида фарқи йўқ, Трояда хунрезликларни амалга оширган Одиссей ва шериклари сивилизацияга болта урган, доим ишлаб келган тартибни бузиб, янги, тартибсиз давр бошланишига сабаб бўлган. Бу орқали Нолан уруш қаерда, ҳатто йигирма йиллик масофада бўлса ҳам, унинг оқибатлари ва шамоли уйингизга ҳам етиб келишидан огоҳлантиради — Одиссей Трояда жанг қилган бўлса-да, бу урушнинг оқибатлари ва хавфи “куёвлар” ёки “денгиз халқлари” ўлароқ Итакагача етиб борганди. Ким билади, яна қанчалаб Троя уруши “мазлумлари” ва “ғолиблари” ўз кемаларида дайдиб юргандир? Баландпарвоз қўшиқлар орқали бизгача етиб келган буюк жанглар билмадик, яна қанчалар ҳаётларни чилпарчин қилган, мағлубларнинг танасини, ғолибларнинг қалбини ўлдирган? Уруш оқибатлари ҳақидаги ишоралар Ремарк ёки Ҳемингуей асарларини ҳам эслатиб юбориши шубҳасиз.

Одиссейнинг саёҳати шаклан Гомердаги каби сақланиб қолган бўлса-да, баъзи қўшилган ёки олиб ташланган деталлар, урғулар орқали Нолан ўз асарининг умумий ғоясидан чалғимаслигини кўрамиз. Гомерда Одиссей саёҳати бир саргузашт, Пенелопага қайтиш машаққатининг қизиқарли тасвири бўлса, Ноланнинг ҳар бир саҳнаси умумий ғояга хизмат қилади.

Масалан, сиклоп билан жангларни олайлик. Гомерда Одиссей сиклоп билан мулоқот қилади, ҳийла ишлатади. Филмдаги сиклопнинг гапиришини эса энг охирида билиб қолишади.

- Ие, у гапираркан-ку, балки гаплашиб кўрармиз, унга нима керак?

- Энди кеч бўлди .

Ростдан ҳам аллақачон бир нечта аскар ўлдирилган, сиклопнинг кўзи эса кўр қилинган эди. Бу шунга ишораки, ҳар қандай зиддиятни музокара ва гаплашиш орқали ҳал қилиш мумкин, лекин қўлга қурол олинар экан, маълум вақтдан кейин кеч бўлади. Икки томон қурбонлар бериб, қайтариб бўлмас йўқотишлардан сўнг, бир стол атрофига келиш янада қийинлашади. Энди манфаатлардан ташқари қасос, ғурур каби масалалар ҳам аралашадики, ҳар томон рози бўладиган нуқтани топиш имконсиз бўлиб қолади. Украина ёки Фаластиндаги воқеаларга ишора қилинган бўлса не ажаб.

Ёки зирҳланган баҳайбат одамлар оролидаги воқеаларни эсланг. Гомерда зирҳлар йўқ, Нолан уларнинг ҳатто боласига ҳам жанг кийимларини кийгизиш орқали ваҳимани кучайтиради. Одиссей қаршисида ўзидан кучли, қуролланган, қарши томонни фақат янчилиши керак бўлган душман сифатида кўрадиган тоифани кўради. Бу қайсидир жиҳатдан Трояга кириб келаётган грекларни, яъни Одиссейнинг ўзини эслатади. Бошқа инсонларни ўзи каби бир инсон сифатида кўрмаслик, эмпатиянинг йўқлиги одамни мана шундай ваҳший қавмга айлантиради.

Одиссей кемаси улкан бир тоғ йўлаги ва унинг олдида бир сув гирдоби ёнига бориб қолади. Гирдоб агар кема яқинлашса, бутун одамлари билан ютиб юборишга қодир, лекин агар иложини қилиб четлаб ўтилса, яъни икки тоғ орасидан юрилса, у ерда бир махлуқ бўлиб, бир неча аскарни ўлдириши муқаррар. Одиссей бу икки хавфдан хабардор бўлади, лекин шерикларига тоғ тепасидаги махлуқ ҳақида индамайди. У икки ёмонликдан бирини танлаши зарур эди. Филмда бу танлов жараёни орқали яна урушга ишора бор — урушда ғолиблар бўлмайди, ё кўп нарса йўқотасиз ёки янада кўпроқ.

Аслида Зевс қонунлари нафақат меҳмондўстлик ва меҳмон муносабатлари, балки адолат, зулм қилмаслик, ёлғон гапирмаслик, умуман жуда кўп ахлоқий нормаларни ўз ичига олган бўлса-да, филмда айнан меҳмондўстлик масаласига кўпроқ урғу берилади, энг кўп шу қонунлар такрор ва такрор тилга олинаверади, худдики бундан бошқа мавзу йўқ-у, ўша давр фақат меҳмондорчиликдан иборатдек. Лекин бу ерда ҳам меҳмон бугунги долзарб масала — Иккинчи жаҳон урушидан сўнг муқаддаслаштирилиб, ҳозир унутилаётган суверенитет масаласига эътибор қаратаётгандир?

Умуман ғоя ва структура жиҳатидан аслида “Одиссея” Ноланнинг аввалги киноси “Опенгеймер”ни ёдга солади. Ҳар икки филмда ҳам қаҳрамон урушни тугатиш учун бир нарса кашф қилади, ҳар икки кашфиёт жорий урушнинг барҳам берилишида катта аҳамият касб эца-да, Одиссей ҳам, Оппенгеймер ҳам ўйланиб қолади — “бу кашфиёт яхшироқ даврга эшик очадими ёки аксинча?”. Оппенгеймер давомли равишда ўз виждони билан юзма-юз келса, Ноланнинг Одиссейи ҳам худди шу — филм саргузаштлар билан бойитилган бўлса-да, урғу қаҳрамоннинг кечинмаларига қаратилади. Филм хронологик шаклда эмас, флешбек қисмлари сифатида тақдим этилиши ҳам шу учун қўллангандек — марказда Одиссейнинг ўз виждони билан ёлғизлиги.

Айниқса, кинонинг энг чиройли қисми ва охирида қилинадиган ажойиб трюк “Афина образи” билан боғлиқ. Зендея ижро этган образ доим Одиссейга ҳамроҳ бўлади, унинг қарорларига фикр билдиради, маълум томонга йўналтиради. Ҳикояни Гомердан танийдиган томошабин бутун кино давомида уни Афина деб қабул қилади ҳам. Филм якунида Одиссей Троя жангининг бор даҳшати билан ҳикоя қилиб бераётганда шу маълум бўладики, аслида грек аскарлари Троядаги Афина ҳайкалининг бошини кесаётган пайтда Одиссейнинг кўз ўнгида бошқа бир гуруҳ аскарлар бир бегуноҳ қизнинг ҳам бошини танидан жудо қилишади. Ўша қиз образини ҳам Зендея ижро этган. Яъни шундай тушуниш ҳам мумкинки, доим Одиссейга ҳамроҳ бўладиган қиз Афина эмас, балки галлюцинация, ўша бегуноҳ қиз ўлимининг юкидир? “Троя оти” ҳийласи билан шаҳарга кирган армиянинг бу хунрезликларида, хусусан, ўша қизнинг ўлимида Одиссей ўзини айблаган, бу азобдан қутула олмаган, бутун саёҳат мобайнида Афина эмас, айнан ўша қиз Одиссейни таъқиб қилган?

Ўз анъанасига бу сафар ҳам Нолан содиқ қолган — якун бироз очиқ. Одиссей жазосиз қолиши, қайтиб келиб ҳукмронлигини давом эттириши мумкин эмас эди. Бу яна ўша янги-эски даврнинг давоми бўлиб қоларди. Режиссёр бошқача усулни қўллайди — гўё Одиссей ўқ еб Пенелопа қучоғида жон бераётгандек саҳна. Кейин бирдан унинг кемага миниб, ўз орзуси бўлмиш қуёш ботиши томон Пенелопа билан йўлга чиқаётганини кўрамиз. Бу ростдан ҳам ҳақиқатми ёки Одиссей ўлими олдидан хотинига ўша орзуни қайтадан ҳикоя қиляптими, аниқ айтиш қийин. Буни Нолан ҳам аниқ айтмайди, филм сўнгида Одиссей кемаси бораётган томон эса ғарб — грек афсоналарида ўлимни ифодалайди. Шахсан менга Одиссейнинг вафот этиши мантиқий якундек туюлди, кимдир бошқача тушунар, Нолан ҳар икки талқин учун ҳам асос қолдиради.

Гомер асарини грек “худолари” иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Зевс, Посейдон, Афина ва бошқалар худди Одиссей, Пенелопа, Ахил каби воқеанинг фаол иштирокчилари. Ноланнинг ҳикоянависликдаги қуроли эса бугунги даврга параллеллар, бугунги тил бўлгани учун бу образлардан бутунлай воз кечилган. Ноланнинг мақсади “Одиссея” афсонасини тиклаш эмас, юқорида айтилганидек, шу ҳикоя орқали бугунги кун одамига мурожаат қилиш экан, қаҳрамонлар ва воқеаларни имкон қадар бугунги даврга яқинлаштириш жуда муҳим эди. Шу билан бирга режиссёр худоларни ҳам, уларнинг иштирокини ҳам рад этмайди, худди бугунги кун одами каби — худолар қаҳрамонларнинг ишончида мавжуд.

Масалан, Одиссей сиклопга найза отиб яралагач, шериклари унга айтади — “у Посейдон, денгизлар худосининг ўғли экан, энди у бизга қаршилик қилади, уйимизга бора олмаймиз”. Шундан сўнг биз шамол ва тўлқинлар Одиссей кемасига халақит беришини кўрамиз. Нолан бу шунчаки табиий жараён, демайди, шу билан бирга айнан Посейдон шу ишларни амалга оширяпти, деб ҳам айтмайди. Посейдонга ишонадиганлар учун, майли, Посейдон бўла қолсин, филмда бу муҳим эмас. Лекин шу билан бирга, ўша даврларда греклар ҳаёти ва афсоналарининг ажралмас қисми бўлган “худолар” Нолан асарида бутунлай четга сурилган деб ҳам бўлмайди. Биз қаҳрамонлар лафзида Зевсни ҳам, бошқа “худоларни” ҳам кўп эшитамиз. Табиийки, қарорларда, образларнинг ҳаракатлари марказида уларнинг ўрни ҳам катта. Масалан, мана бу ишимиз учун фалон худо бизни жазолади, фалон ишимиз мана бу худога ёқмади, деб инсонларнинг оний жазолардан қочиши Гомер оламида табиийдек туюлади. Нолан эса саволни бошқача қўяди: сен Зевсга хиёнат қилдингми ёки инсонга?

Филмда “тиланчига ёки меҳмонга ёмон муносабатда бўлса, у мана шу кўринишда келган худо бўлиши мумкин..” деган фикр бир неча марта такрорланади. Бу ўзимизнинг ёшликдан эшитиб катта бўлган Хизр ҳақидаги ривоятларни ҳам ёдга солади. Кимгадир яхшилик қилиб, кейин у одам Хизр бўлиб чиқиши ва у кўп тилакларни ижро қилиши ҳақидаги эртаклар ҳам жуда кўп. Бу инсонларни имкон қадар ҳаммага яхшилик қилишга ундайди. Яхшиликнинг оний шаклда каттароқ мукофот бўлиб қайтиши одамларни ҳар бир ўзига ўхшаган инсонни Хизр деб билишга чақиради. Инсоннинг розилигини муқаддаслаштиради, унга қилинган зулмнинг нархини оширади.

Нолан “Одиссея”да мана шу ғояни давом эттирган. Инсонларга зулм қилма, балки у инсон қиёфасидаги “Хизр”дир... Инсонни ўлдирма, балки у инсон қиёфасидаги “Афина”дир?

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.