Дунё

Одессада эркак ҳарбий комиссариат ходимларига ўқ узди

Украинанинг Одесса шаҳрида 32 ёшли эркак сафарбарлик тадбирлари вақтида Ҳудудий комплектлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ходимларига қарата ўқ узди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши жароҳат олган бўлиб, улардан бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Одесса шаҳрида 32 ёшли фуқаро ҳарбий комиссариат ходимларига қарата ўқ узди. Бу ҳақда Одесса вилояти полицияси ва маҳаллий ОАВ хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, воқеа сафарбарлик тадбирлари чоғида юз берган. Эркак Ҳудудий комплектлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказининг туман бўлими ходимларига Флобер пистолети (ўқ-дорисиз ишлайдиган кичик калибрли ўқув револвери)дан бир неча марта ўқ узган.

Отишма натижасида тўрт киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Улардан бири орқа қисмидан оғир жароҳат олгани сабабли шифохонага ётқизилган.

Марказнинг расмий баёнотига кўра, ҳодиса ҳарбий хизматчилар ўз хизмат вазифаларини бажараётган вақтда содир бўлган.

Воқеадан сўнг полиция гумонланувчини қўлга олди. Унга нисбатан Украина Жиноят кодексининг Қуролли кучлар ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишга оид моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ишлатилган қуролни экспертизага юборган ва ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.