Одамсимон роботлар Усейн Болт ва Хавиер Сотомаёрнинг рекордларини янгилади
22-август куни Пекинда Бутунжаҳон роботлар ўйинлари бошланди. Мусобақаларнинг биринчи кунидаёқ инсонлар томонидан ўрнатилган иккита машҳур рекорд янгиланди.

**Роботлар Усейн Болт ва Хавиер Сотомаёрнинг рекордларини янгилади**
Бир неча йил аввал талабалар йиғини сифатида бошланган Бутунжаҳон роботлар ўйинлари бу йил дунёнинг деярли барча йирик оммавий ахборот воситаларининг диққат марказига айланган йирик тадбирга айланди. Норасмий равишда "роботлар Олимпиадаси" деб аталувчи ушбу мусобақада 16 мамлакатдан 666 жамоа 2 мингдан ортиқ роботлари билан иштирок этмоқда.
Мусобақада тўлиқ автоном, фақат аккумуляторини алмаштириш учун инсон ёрдамига муҳтож бўлган роботлардан тортиб, ташқи бошқарувни талаб қиладиган машиналаргача бўлган турли хил роботлар қатнашмоқда. Улар нафақат спорт турларида, балки кундалик ҳаётда фойдали бўлиши мумкин бўлган вазифалар, масалан, гайкани бураш, шиша ва турли чиқиндиларни кўтариш, ҳатто жой йиғиш бўйича ҳам беллашмоқда.
Пекиндаги Х-Ҳуманоид одамсимон робототехника инновация маркази томонидан яратилган робот 100 метр масофани 9,39 сонияда босиб ўтиб, ямайкалик Усейн Болтнинг 2009-йилда ўрнатган 9,58 сониялик жаҳон рекордини янгилади. Бироқ, ўйинлар расмий очилишидан аввалроқ Ҳонор компаниясининг Лигҳтнинг роботи намойиш вақтида ундан ҳам тезроқ – 9,32 сония натижа кўрсатган эди. Шуни таъкидлаш жоизки, роботлар тез югуришни яхши ўрганган бўлса-да, тўхташни яхши ўзлаштиришмаган. Улар маррага етганидан сўнг на тўхтайди, на бурилади, натижада тўсиққа бориб урилиб, парчаланиб кетади. Лигҳтнинг билан ҳам шундай бўлди ва у мусобақада қатнашмади.
Лигҳтнинг жорий йил апрелида ярим марафон масофасида 50 дақиқа 26 сония натижа билан рекорд ўрнатган эди. Бу эфиопиялик Ёмиф Кежелчанинг 56 дақиқа 51 сониялик жаҳон рекордидан анча яхши натижа ҳисобланади.
Яна бир рекорд ҳам Х-Ҳуманоид роботига тегишли бўлди. У баландликка сакрашда 2,88 метр натижа қайд этди. Кубалик машҳур спортчи Хавиер Сотомаёрнинг 1993-йилдан бери ҳеч ким янгилай олмаётган рекорди эса 2,45 метрни ташкил этади.
Бутунжаҳон роботлар ўйинлари 26-августгача давом этади.

