Одам савдосидан жабрланганларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамаси одам савдосидан жабрланганларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмини белгилади. Хизматлардан фойдаланиш учун «Инсон» марказлари, ихтисослаштирилган муассасалар ёки 1146 ишонч телефони орқали мурожаат қилиш мумкин.

Одам савдоси қурбонларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг 06.10.2026 йилдаги 539-сон қарори билан одам савдоси қурбонлари учун ижтимоий хизматлар тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Ҳужжат Президентнинг 03.08.2026 йилдаги ПФ-146-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳузурида Одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича Республика реабилитация маркази фаолият кўрсатади. Унинг штат бирлиги 11 нафар ходимдан иборат бўлади, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари эса Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига тенглаштирилади.
Тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, ижтимоий хизматларни шахс одам савдосининг тахмин қилинаётган қурбони деб тан олинганидан кейин бир ой давомида ва расман қурбон деб тан олинганидан кейин бир йил давомида олиш мумкин.
Ёрдам сўраб бевосита «Инсон» марказларига ва ихтисослаштирилган муассасаларга, яшаш жойидаги ижтимоий ходим орқали ёки Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг 1146 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилиш мумкин. Зарурат туғилганда ва ариза берувчининг розилиги билан маълумотлар ички ишлар органларига ёки шошилинч тиббий ёрдам хизматларига узатилиши мумкин.
Мурожаатдан сўнг шахснинг бирламчи идентификацияси ва эҳтиёжларини баҳолаш амалга оширилади. Қурбон ва унинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини «Инсон» маркази бир иш куни ичида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали баҳолайди.
Аниқланган эҳтиёжларга қараб, шошилинч тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, ҳужжатларни расмийлаштириш ёки тиклаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ишга жойлашишда кўмаклашилади. Бундан ташқари, «Инсон» марказлари ўзлари томонидан бевосита кўрсатилмайдиган хизматларни олишда ҳам ёрдам беради.
Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун алоҳида тартиб белгиланган. Ушбу ҳужжатлар расмийлаштирилгунга қадар бундай шахсларга ҳам тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, ҳужжатларни тиклаш ва касб-ҳунарга ўқитишда кўмаклашилиши мумкин.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига 1 ноябрга қадар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимини такомиллаштириш ва зарурат бўлганда уни бошқа давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилиш топширилди.
Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, одам савдоси қурбонлари ихтисослаштирилган муассасаларга етиб келганида уларни доимий кузатиб бориш ва мониторинг қилишни таъминлайди.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 07 кундан кучга кирди.

