Ўзбекистонлик таэквондочи қизлар Qatar Open турнирининг энг яхши спортчилари деб тан олинди

Ўзбекистонлик таэквондочилар Qatar Open турнирининг энг яхши спортчилари деб топилди
Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Доҳада ўтказилган Qatar Open халқаро турнирида олтита медални қўлга киритди. Светлана Саидова олтин медални қўлга киритди ва мусобақанинг энг яхши спортчиси деб топилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси жамоалар орасида энг яхшиси деб топилди.
Турнир якунларига кўра, ўзбекистонлик спортчилар иккита олтин, битта кумуш ва учта бронза медалга эга чиқишди.
Саидова 73 килограммдан ортиқ вазн тоифасида ғалаба қозонди. Жамоага яна бир олтинни 87 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Ёдгорбек Жўрабоев келтирди.
Кумуш медални 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Мадина Мирабзалова қўлга киритди.
Бронза медали совриндорлари Нажмиддин Қосимҳожиев (74 килограммгача), Шаббона Абдувалиева (57 килограммгача) ва Моҳидил Ўктамжонова (62 килограммгача) бўлишди.
Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси Тунис жамоасига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллади.
Аввалроқ Саидова Лаҳорда (Покистон) ўтказилган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Президенти кубогининг кумуш медали совриндори бўлган эди.

