Дунё

Ўзбекистонлик шахс АҚШдаги дорихоналар билан боғлиқ фирибгарликда ва уч миллион долларни ўзлаштиришда айбланди

Ўзбекистонлик шахс АҚШда дорихоналар билан боғлиқ фирибгарликда ва уч миллион долларни ўзлаштиришда гумонланмоқда

АҚШнинг Нью-Йорк штати, Нассау округида давлат ва хусусий суғурта компанияларидан ноқонуний равишда пул олинган сохта дорихоналар билан боғлиқ йирик схема бўйича тергов олиб борилмоқда. Гумонланувчилар орасида ўзбекистонлик Баҳодир Миродимов ҳам бор. Полиция маълумотларига кўра, у бор-йўғи 31 кун ичида уч миллион долларга яқин пулни олиб чиқиб кетган ва мамлакатни тарк этган.

Хабар қилинишича, терговчилар бир нечта «сохта дорихоналар»ни аниқлашган — улар қоғозда мавжуд бўлган, қимматбаҳо дори-дармонлар учун ҳисоб-варақлар тақдим этган, аммо амалда беморларга препаратларни бермаган компаниялардир.

Сохта дорихоналар Жерико-Тернпайк ва Гай Ломбардо кўчасида рўйхатдан ўтказилган. Ички ишлар органларининг таъкидлашича, ушбу манзилларда рўйхатга олинган компаниялар орқали ОИВ ва онкологик касалликларни даволаш учун мўлжалланган препаратларга ҳисоб-варақлар чиқарилган. Тўловлар Medicaid ва Medicare дастурларидан, шунингдек, хусусий суғурта компанияларидан талаб қилинган.

Бунда сохта рецептларни расмийлаштириш учун шифокорлар ва беморларнинг ўғирланган шахсий маълумотларидан фойдаланилган.

Иккинчи гумонланувчи сифатида Курдистон фуқароси Абдилаким Бердиқулов айтилмоқда. Полиция маълумотларига кўра, у беш миллион долларга яқин пул олган. Терговчилар ҳозирча бу икки эркак ўртасида алоқа бор-yo'қлигини аниқламаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу каби схемалар бошқа сохта дорихоналар орқали ҳам амалга оширилаётган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.

Полиция маълум қилишича, иккала эркак ҳам Нью-Йорк штатининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олишган ва улардан компанияларни рўйхатдан ўтказиш учун фойдаланишган. Ҳозирда гумонланувчилар АҚШдан ташқарида бўлиб туришибди.

Округ расмийлари фирибгарликда иштирок этган деб тахмин қилинаётган компанияларга нисбатан оғир жиноятлар содир этганлик айбловини илгари сурди. Терговга федерал тузилмалар ҳам жалб қилинди.

Нассау округи прокурори Энн Доннеллининг таъкидлашича, бу каби фирибгарликлар нафақат суғурта дастурларига ва солиқ тўловчиларга зарар етказади, балки барча фуқаролар учун тиббий ёрдам харажатларини оширади. Тергов давом этмоқда.

Олдинроқ АҚШда оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳужум қилиш ва талончилик учун судланган Ўзбекистон фуқароси Сардор Тиркашев қўлга олинган эди. Оқ уй уни АҚШ ҳокимияти жамият учун хавфли деб ҳисоблайдиган қўлга олинган мигрантлар рўйхатига киритган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.