Ўзбекистонга саккиз ойда 54,8 минг дона электромобил импорт қилинди

Ўзбекистонга саккиз ойда 54,8 минг дона электромобил олиб келинди
2026-йил январ-август ойларида Ўзбекистонга жами қиймати 614,44 миллион долларлик 54 826 дона электромобил импорт қилинди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу давридаги 28 920 донага нисбатан 89,63 фоизга ошган.
Саккиз ой ичида хориждан келтирилган ҳар бир электромобилнинг ўртача импорт нархи 11 207 долларни ташкил этди. Бир йил аввал эса электрда ҳаракатланувчи автомобилларнинг бир донаси 12 389 доллардан тушган эди. Демак, четдан харид қилинган электромобиллар сони кўпайган бўлса-да, уларнинг нархи йил давомида 1 182 долларга ёки 9,5 фоизга камайган.
Ойлар бўйича энг кўп электромобил июлда — 8 875 та, августда эса 8 076 та импорт қилинган. Энг кам кўрсаткичлар январ ойида — 4 548 та ва февралда — 5 152 та қайд этилган. Қолган ойлар кесимидаги рақамлар қуйидагича:
Март — 6 662 дона;
Апрел — 6 716 дона;
Май — 6 952 дона;
Июн — 7 845 дона.
Аввалроқ июн ойида мамлакатда электромобиллар савдоси кескин ошгани хабар қилинганди. Ўша ой давомида бирламчи ва иккиламчи бозорларда 8,4 мингта электромобил олди-сотди қилинган. Бу кўрсаткич май ойига нисбатан қарийб 63,5 фоизга юқори бўлган.

