Ўзбекистондаги тўртта аэропорт лойиҳаси ДХШ асосида амалга оширилади
Ўзбекистонда хусусий сектор иштирокида тўртта аэропорт лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда, деб хабар берди транспорт вазири. Гап Тошкентнинг янги аэропорти, Урганч, Бухоро аэропортлари, шунингдек, Андижон ва Намангандаги мажмуаларни бошқарувга топшириш ҳақида бормоқда.

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида тўртта аэропорт лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Транспорт вазирлиги раҳбари энг йирик лойиҳалардан бири сифатида Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилишини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, амалий ишлар бошлаб юборилган.
«Хусусий шерик билан зарур келишувлар имзоланди, майдонда қурилиш бошланди. Президент муддатлар бўйича топшириқлар берди ва лойиҳа бўйича кейинги йиғилишлар бевосита жойида ўтказилишини белгилади», — деди у.
Бухорода янги халқаро аэропорт қурилиши алоҳида кўриб чиқилди. Президент ишларни жадаллаштириш, бунда сифат ва замонавий талабларга мувофиқликка алоҳида эътибор қаратиш бўйича топшириқ берди.
Маҳкамов таъкидлаганидек, ҳозирда умумий ҳисобда хусусий сектор иштирокида тўртта аэропорт лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
«Тошкентдан ташқари, гап Кореянинг Incheon компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Урганч халқаро аэропорти лойиҳаси ҳақида бормоқда. Бухоро бўйича ҳозирда тендер жараёнлари кетмоқда. Бундан ташқари, Андижон ва Наманган аэропортларини бошқарувга бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — деди транспорт вазири.
У, шунингдек, авиацияни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси тайёрланаётганини маълум қилди.
«Энди соҳанинг кейинги 10 йиллик стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун Испания компанияси жалб этилган ва жорий йил якунига қадар стратегиянинг асосий параметрларини белгилаш режалаштирилган», — деди у.
Бундан ташқари, авиакомпанияларни ривожлантириш ва келгуси йилда халқаро аудит ўтказиш вазифаси қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Uzbekistan Airports ва Саудия Арабистонининг Vision International Investment компанияси «Янги Тошкент» аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича ДХШ тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Лойиҳа 2026−2030 йилларга мўлжалланган бўлиб, биринчи босқичда қарийб 2,5 млрд доллар инвестиция жалб этилишини назарда тутади. Аэропорт Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманларидаги 1310 гектар майдонда жойлашади, дастлабки ўтказувчанлик қобилияти йилига 20 млн йўловчини ташкил этади ва уни 46 млнгача етказиш имконияти бўлади. Аэропорт хусусий шерикка 35 йилга бошқарувга берилади.
Бухоронинг янги халқаро аэропорти Бухоро туманидаги Қумсултон массивида қурилмоқда. Июнь ойида йўловчи терминалини қуриш ва бошқариш учун хусусий шерикни танлаш бўйича халқаро тендернинг биринчи босқичи якунланди: қизиқиш билдирган 51 та компаниядан 6 таси кейинги босқичга ўтди. Лойиҳа халқаро рейсларда соатига 1200 нафар ва ички рейсларда 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга, майдони 48,5 минг кв. м бўлган терминални кўзда тутади. Бунда аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади.
Ҳудудий аэропортлар учун хусусий шериклик лойиҳалари камида 2024 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Ўшанда расмийлар Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларини бошқариш ва модернизация қилишга хусусий секторни жалб этиш режаларини эълон қилган эди. Наманган аэропорти Namangan Air Solution компанияси билан ДХШ асосида модернизация қилинмоқда, Андижон аэропорти учун эса хусусий операторни жалб этиш устида иш олиб борилмоқда.

