Ўзбекистондаги Германия компаниялари саккиз ойда 5,1 трлн сўм солиқ тўлади

Ўзбекистондаги Германия компаниялари саккиз ойда 5,1 трлн сўм солиқ тўлади
Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги корхоналар томонидан тўланган солиқлар ҳажми бир йил аввалгига нисбатан 8 фоизга ошди.
Қайд этилишича, ҳозир республикада қарийб 300 та Германия компанияси фаолият юритмоқда. Уларда 46,6 минг нафар ходим ишламоқда.
“Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ижобий динамикани намоён этмоқда. Меҳнатга ҳақ тўлаш фонди эса қарийб 7 фоизга ошган”, дейилади хабарда.
Январ-август ойларида Германия капитали иштирокидаги корхоналар томонидан 5,1 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Ушбу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга кўпайган.
“Қоплаб берилган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) миқдори қарийб 219 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан учдан икки қисмдан зиёдга юқори бўлган. Шу билан бирга, компаниялар 1,3 трлн сўмдан ортиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланган”, деб маълум қилди қўмита.
Шунингдек, Ўзбекистонда рақобатбардош солиқ ставкалари сақланиб қолаётгани таъкидланган. Хусусан, фойда солиғи 15 фоиз, ҚҚС эса 12 фоиз ставкада ундирилади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Германия ўртасида 1999-йилдан бери икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим амал қилиб келмоқда.
Икки мамлакат етакчилари ҳузурида бир қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларига старт берилган. Тошкент шаҳрида “Волксваген” автомобилларини йирик узелли йиғишни йўлга қўйиш, Андижон вилоятида логистика маркази барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситаларини ишлаб чиқариш, темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ҳамда замонавий имтиҳон марказларини очиш каби лойиҳалар шулар жумласидан.

