Ўзбекистонда янги шамол ва қуёш электр стансиялари қурилади
Ўзбекистонда 2030-йилга қадар шамол электр стансиялари қувватини 12 минг МВтга, қуёш электр стансиялари қувватини эса камида 7 минг МВтга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларида электр энергиясини сақлаш тизимларини яратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда янги шамол ва қуёш электр стансиялари барпо этилади
Ўзбекистонда янги шамол энергетикаси лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Хабарда айтилишича, 2030-йилга қадар шамол электр стансияларининг қувватини 12 минг МВтга, қуёш электр стансияларининг ўрнатилган қувватини эса камида 7 минг МВтга етказиш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, барча ҳудудларда электр энергиясини сақлаш тизимларини яратиш ҳам режалаштирилган. Уларнинг параметрлари ва ишлаш режимлари ҳудудлардаги энергия истеъмоли хусусиятлари ҳамда йирик саноат корхоналарининг эҳтиёжларига мослаштирилади.
Энергетика вазирлигига инвесторлар билан музокараларни тезлаштириш ва белгиланган муддатлардан ортда қолаётган лойиҳалар юзасидан зарур чораларни кўриш топширилган. Инвесторлар шаффоф танлов жараёнлари асосида сараланади.
Вазирлик маълумотига кўра, 2025-йилда Ўзбекистондаги электр стансияларининг жами ўрнатилган қуввати 24,7 минг МВтни ташкил этган. Шундан қуёш ва шамол электр стансиялари қуввати 6,3 минг МВтдан ошган, гидроелектростансиялар қуввати эса қарийб 2,5 минг МВт бўлган.

