Ўзбекистонда шиша ва банкалар учун мажбурий депозит жорий этилмоқчи
Ўзбекистонда ичимлик харидорлари пластик ва ойна шишалар, шунингдек, алюминий банкалар учун гаров пули тўлашни бошлашлари мумкин. Пуллар бўш идиш топширилгандан кейин қайтарилади. Расмийлар бундай тизимни мажбурий қилишни таклиф этмоқда, чунки ўрамларни ихтиёрий йиғиш амалиётга жорий этилмаган.

Ўзбекистонда шиша ва банкалар учун мажбурий депозит жорий этилиши мўлжалланмоқда
Ўзбекистонда пластик ва шиша идишлар, шунингдек, ичимликлардан бўшаган алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Bu ҳақда 20 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тақдим этаётиб маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги тизим ўров-жойларни алоҳида йиғиш учун етарли иқтисодий рағбат яратмаяпти.
«Пластик ва шиша идишлар, шунингдек, ичимликлардан бўшаган алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш зарур. Ихтиёрий тартиб амалиётда жорий этилмаган, бундай чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эса пастлигича қолмоқда — атиги 6,2%», — деди у.
Депозит тизими шуни англатадики, товар нархига ўров-жой учун залог (гаров) суммаси киритилади, харидор эса бўш идишни махсус қабул қилиш пунктига топширгандан сўнг ушбу суммани қайтариб олиши мумкин. Масалан, баъзи Европа мамлакатларида пластик ва шиша идишларни дўконларда ёки уларнинг ёнида ўрнатилган автоматлар орқали топшириш ва харид қилишда тўланган суммани қайтариб олиш мумкин. Шу усулда йиғилган ўров-жойлар қайта ишлашга юборилади.
Қутбиддиновга кўра, бу чиқиндиларни алоҳида йиғишни рағбатлантириш, қайта ишлаш учун хомашё ҳажмини ошириш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради.
«Ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларига тегишли инфратузилмани яратиш учун босқичма-босқич ўтиш даврини тақдим этиш зарур», — деди у.
Мажлисда депозит миқдори қанча бўлиши, тизим оператори ким бўлиши, идишларни қаерда топшириш мумкинлиги ва янги қоидалар қачон кучга кириши мумкинлигига аниқлик киритилмади.
Шунингдек, депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланган қонун лойиҳасида мажбурий депозит тизими қайси кўринишда мустаҳкамлангани ҳозирча ноаниқ.
Сентябрь ойида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Норвегиянинг TOMRA компанияси билан ҳамкорликда ишлатилган идишларни махсус автоматлар — фандоматлар орқали қабул қилиш бўйича пилот лойиҳани ишга туширди.
23 сентябрь куни Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида дастлабки қурилмалар ишлай бошлади. Пойтахтда фандоматлардан бири Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 7А-уйда жойлашган Миллий экология қўмитаси биноси олдида ўрнатилди.
Автоматлар пластик ва шиша идишларни, шунингдек, алюминий банкаларни қабул қилади. Идишнинг ҳар бир бирлиги учун 150 сўм миқдорида мукофот кўзда тутилган бўлиб, уни Click тўлов тизими орқали электрон ҳамёнга олиш ёки хайрияга йўналтириш мумкин.
Агар пилот лойиҳа самарадорликни кўрсатса, фандоматларни Тошкентда ва бошқа ҳудудларда одамлар гавжум бўладиган жойларда босқичма-босқич жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, амалдаги механизм таклиф этилаётган депозит тизимидан фарқ қилади: ҳозирда аҳоли ичимликни харид қилишда залог тўламасдан, ишлатилган идишни топширгани учун мукофот олади. Келажакдаги депозит миқдори ҳозирча эълон қилинмаган.
Депозитларни қўллаган ҳолда ишлатилган идишларни қайтариш механизми аввалроқ президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорида кўзда тутилган истиқболли инновацион лойиҳалар рўйхатига киритилган эди.
2025 йилнинг январ ойида ўшандаги Экология вазирлиги ҳам пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари ва импорт қилувчиларининг чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича масъулиятини босқичма-босқич кенгайтиришни таклиф қилган эди.
Хусусан, идора салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчилари томонидан фойдаланиладиган пластик ўров-жойларнинг 2026 йилга бориб 50 фоизини, 2027 йилга бориб 75 фоизини ва 2028 йилга бориб 100 фоизини мажбурий қайта ишлаш тарафдори бўлган эди. Ушбу кўрсаткичлар ва муддатлар вазирлик томонидан таклиф этилган эди, бироқ 20 октябрдаги мажлисда улар қонун лойиҳасининг янги таҳририда ўз аксини топган-топмаганига аниқлик киритилмади.
Депутатларга тақдим этилган ҳужжатда алоҳида турдаги товарлар ва ўров-жойлардан ҳосил бўладиган чиқиндилар учун ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг масъулиятини кенгайтириш кўзда тутилган. Белгиланган ҳолларда утилизация йиғимини қўллаш ҳам таклиф этилмоқда.
«Бу чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, қайта ишлашни рағбатлантириш ҳамда чиқиндиларни бошқариш харажатларини қоплашда ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган», — дея тушунтирди Қутбиддинов.
У келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 15,1 млн тонна maиший чиқинди ҳосил бўлган, бироқ уларни саралаш улуши атиги 5,2% ни ташкил этган.
Идора вакили мамлакатда чиқиндилар ҳосил бўладиган жойларда уларни алоҳида йиғишни қайта ишлаш корхоналарига топшириш билан боғлайдиган ягона тизим ҳозирча шаклланмаганини таъкидлади.
«Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тўққизта боб ва 60 та моддадан иборат. У ўров-жойларни қайта ишлашни тартибга солишдан ташқари, чиқиндиларни хавфлилик даражаси бўйича таснифлашни, давлат органлари ва операторларнинг масъулиятига аниқлик киритишни, полигонлар ва чиқиндиларни қайта юклаш станцияларига қўйиладиган янги талабларни, шунингдек, соҳани молиялаштиришдаги ўзгаришларни кўзда тутади.
20 октябрь куни Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Янги қоидалар кучга кириши учун ҳужжат кейинги қонунчилик тартиб-таомилларидан ўтиши керак.

