Ўзбекистонда ўтган ёз энг иссиқ ёзлардан бири бўлди
Ўзбекистонда ўтган ёз энг иссиқ ёз мавсумлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллади, айрим ҳудудларда эса кузатувлар тарихидаги энг иссиқ мавсум бўлди. Ўртача мавсумий ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,2−2,6 даражага юқори бўлди. Энг юқори кўрсаткичлар июль ойида кузатилди.

Ўзбекистонда ўтган ёз энг иссиқ мавсумлардан бири бўлди
Ўзгидромет шарҳига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг августи, сўнгги ўн йилликдаги барча август ойлари каби, иқлимий меъёрдан иссиқроқ бўлди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик кўрсаткичлардан 1,9−3 даражага, Бухоро вилоятида, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида эса 3,1−3,6 даражага юқори бўлди.
«Мамлакат ҳудудининг катта қисмида бундай иссиқ август Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихида илк бор қайд этилди», — дейилади шарҳда.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг аксарият туманларида ўтган ой кузатувлар тарихидаги энг иссиқ учта август ойи қаторидан жой олди.
Ой ўртача ҳисобда жуда иссиқ бўлган бўлса-да, максимал ҳаво ҳарорати деярли ҳеч қаерда рекорд даражага етмади. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +39…+41 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +42…+44 даражагача, Термизда эса +45 даражагача кўтарилди.
Ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўлган кунлар сони 1−6 кунни, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 7−14 кунни, Муборак ва Термиз ҳудудида эса 18−21 кунни ташкил этди.
Август ойи, шунингдек, ҳаддан ташқари қуруқ келди. Аксарият ҳудудларда ёмғир умуман ёғмади ёки унинг миқдори 0,0−0,4 мм дан ошмади.
Айрим тоғли ҳудудларда 2−4 марта ёмғир ёғиши кузатилди, аммо у ерда ҳам бир ойлик ёғингарчиликнинг умумий миқдори 1−4 мм дан ошмади. Фақат Тошкент ва Фарғона вилоятларининг айрим тоғли станцияларида бу кўрсаткич ойига 6−12 мм га етди, бу эса меъёрдан пастдир.
Ўзбекистонда ўтган ёз энг иссиқ ёз мавсумлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллади, айрим ҳудудларда эса кузатувлар тарихидаги энг иссиқ мавсум бўлди. Ўртача мавсумий ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,2−2,6 даражага юқори бўлди.
Бутун мавсум давомида энг юқори максимал ҳаво ҳарорати июль ойида кузатилди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида иссиқлик ойнинг ўрталарида энг юқори чўққисига чиқди. Шу кунларда ҳаво ҳарорати +43…+45 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +46…+50 даражагача кўтарилди. Бир қатор ҳудудларда янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди.
«Шундай қилиб, 2026 йил ёзининг ҳарорат режими Ўзбекистонда ёз мавсумларининг исиши тенденциясини давом эттирди», — дейилади шарҳда.
Аксарият ҳудудларда 2026 йил ёзидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан паст бўлди. Ёз мавсумидаги умумий ёғингарчилик миқдорига асосий ҳиссани июнь ойи қўшди, бу ойда ёмғирлар анча тез-тез ёғиб турди.

