Ўзбекистонда мобил интернет қамрови аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 99,5 фоизига етди
Ўзбекистондаги аҳоли пунктларининг 99,5 фоизи мобиль алоқа тармоғи билан камраб олинган, халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг 95,5 фоизи бўйлаб эса мобиль интернет мавжуд, деди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов парламент сўровига берган жавобида.

Ўзбекистонда мобиль интернет қамрови аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 99,5 фоизига етди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вазирнинг «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш борасидаги ишлар тўғрисидаги ҳисоботини маълумот учун қабул қилди.
2026 йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 11 мингдан ортиқ мобиль алоқа базавий станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 110 500 тага етказилди, деди Шерматов.
Сўнгги йилларда магистрал тармоқлар ўтказувчанлик қобилияти ҳам кенгайтирилди. 2020 йилга нисбатан ҳудудий даражадаги ўтказувчанлик 400 дан 600 Гбит/с гача, туманлар даражасида эса 40 дан 60 Гбит/с гача ошди.
Толали-оптик инфраструктура кенгаймоқда
Ўзбекистон толали-оптик алоқа тармоғини сезиларли даражада кенгайтириб, умумий узунлигини 2020 йилдаги 119 500 км дан 397 000 км га етказди. Толали-оптик инфраструктура ҳозирда аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 98,1 фоизини қамраб олган бўлиб, ҳукумат 2026 йил охиригача бу кўрсаткични 98,2 фоизга етказишни мақсад қилган.
Мамлакатда ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари ҳам давом эттирилди. Вазирнинг сўзларига кўра, юқори тезликдаги маълумот узатиш тармоқлари ҳозирда 10 657 та умумтаълим муассасаси, 6 988 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 786 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 8 935 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) ва 5 250 та маҳаллий ички ишлар бўлимини қамраб олган.
Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингларида ўз ўрнини яхшилади
Ўзбекистон халқаро интернет тезлиги рейтингларида юқорилаб, мобиль интернет тезлиги бўйича 133-ўриндан 72-ўринга, симли кенг полосали интернет тезлиги бўйича эса 112-ўриндан 73-ўринга кўтарилди. Шерматовнинг таъкидлашича, мамлакат ҳозирда симли интернет тезлиги бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Халқаро интернет тармоғига уланиш имконияти (ўтказувчанлик манбаи) ҳам ортди. У 2020 йилда 1 200 Гбит/с ни ташкил этган бўлса, инвестиция лойиҳалари ва халқаро интернет каналларининг диверсификация қилиниши туфайли 4 400 Гбит/с га етди.
Ҳукумат ушбу ўтказувчанликни 2026 йил охиригача 4 500 Гбит/с га, 2030 йилга бориб эса 5 000 Гбит/с га етказишни режалаштирмоқда.
Парламент муҳокамаси чоғида депутатлар эришилган ютуқларни холис баҳолаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва стратегия мақсадларига ўз вақтида эришишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни таклиф қилдилар. Шундан сўнг Қонунчилик палатаси вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилди.

