Ўзбекистонда мактаб дарсликларини янгилаш давом эттирилади
Мактаб ва олий таълимдаги ислоҳотларнинг навбатдаги вазифалари кўриб чиқилди. 2027 йилгача 1300 дан ортиқ дарслик ва ўқув-услубий материаллар тайёрлаш режалаштирилган.

Ўзбекистонда мактаб дарсликларини янгилаш давом эттирилади
Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси портретида, билимлардан ташқари, замонавий кўникмалар, ахборот технологияларини пухта эгаллаш, ижодий ва мустақил фикрлаш, шунингдек, қарор қабул қила олиш қобилиятига муҳим аҳамият қаратилмоқда. Дарсликлар ва таълим мазмунини янгилаш борасидаги ишлар айнан шу мақсадга эришишга қаратилган.
Янги ўқув материалларини тайёрлашда халқаро тажриба ўрганилди. Бошланғич синфлар учун дарсликлар Финляндия таълим альянси сертификатидан ўтди, 5–7-синфлар учун математика, физика, кимё ва биология дарсликлари эса Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди.
Янги ёндашувда ўқувчи ҳар бир синфни тамомлаганидан кейин нималарни билиши ва қила олиши кераклиги аниқ белгилаб қўйилган. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқликда тузилади, бунда мавзуларнинг ёшга мослиги, уларнинг кетма-кетлиги ва билимларни амалиётда қўллаш имкониятига алоҳида эътибор қаратилади. 2027 йилгача жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материалларни тайёрлаш режалаштирилган.
Дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар жойлаштирилмоқда. Бунда бола тайёр жавобни ёдлаб олиш билан чекланиб қолмай, балки саволлар бериши, маълумотларни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва биргаликда ечим топиши назарда тутилади.
Ўқув материалларида касбга йўналтириш алоҳида ўрин тутади. Ушбу йўналиш бўйича 255 та дарс ишлаб чиқилган бўлиб, улар болаларга ўз қизиқишларини англаш ва келажакда онгли равишда касб танлашда ёрдам беришга қаратилган. Дарслик қаҳрамонлари орқали болаларга дўстлик, масъулият, жасорат ва ҳурмат каби қадриятлар яқин мисолларда очиб берилади.

