Ўзбекистонда маҳаллаларнинг жамоат транспорти билан қамраб олиниши 98,8 фоизга етди

Ўзбекистонда маҳаллаларнинг жамоат транспорти билан қамраб олиниши 98,8 фоизга етди
Транспорт вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида республикада жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар якунлари маълум қилинди.
2020–2026 йиллар оралиғида мамлакатда 1 037 та янги йўналиш очилди, бунинг шарофати билан жамоат транспорти билан қамраб олинган маҳаллалар сони 9 331 тага етди, умумий қамров даражаси эса 87,9 фоиздан 98,8 фоизга ошди. Илгари транспорт бормаган маҳаллалар сони 1 118 тадан 111 тагача камайди. Амалга оширилаётган ўзгаришлар фонида жамоат транспортидан мунтазам фойдаланадиган иқтисодий фаол аҳоли улуши 2022 йилдаги 21 фоиздан жорий йилда 37 фоизгача ошди.
Автопаркни янгилаш учун 2023–2026 йилларда 3 500 та замонавий автобус, жумладан 753 та электробус харид қилиниб, йўналишларга чиқарилди. Брутто-контракт тизимига ўтказилган йўналишларда ҳаракатланиш интервали 18–20 дақиқадан 10–12 дақиқагача, манзилга етиб боришнинг ўртача вақти эса 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарди.
Республика бўйича суткалик йўловчи ташиш ҳажми 1,2 миллион кишидан 2,6 миллион кишига етди, жорий йилда эса қўшимча равишда 87 километр алоҳида автобус йўлаклари фойдаланишга топширилди. 2030 йилгача бўлган истиқболли режаларда янги автобуслар паркини 5 минг тага, электробуслар сонини эса 2 минг тага етказиш кўзда тутилган.

