Ўзбекистонда магистратура амалий ва илмий-педагогик йўналишларга ажратилади

Ўзбекистонда магистратура амалий ва илмий-педагогик йўналишларга ажратилади
Жорий ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда магистратура икки йўналишга ажратилади. Ишлаб чиқариш ёки амалий дастур бўйича ўқиш камида бир йил, илмий-педагогик дастур бўйича эса камида икки йил давом этади.
Янги тартиб ҳукуматнинг 500-сонли қарори билан тасдиқланди. Магистратурада муайян мутахассислик дастурига мувофиқ кундузги, кечки ёки масофавий шаклда таҳсил олиш мумкин бўлади. Амалий йўналиш битирувчилари диссертация ўрнига лойиҳа ёки конструкторлик иши, стартап, рационализаторлик ғояси, амалий ижодий асар ёки якуний ишнинг бошқа турини ҳимоя қилишлари мумкин.
Илмий-педагогик йўналиш битирувчилари учун магистрлик диссертацияси сақланиб қолади. Дастлабки ҳимоягача у плагиатга текширилади, шунингдек, "яширин эксперт тақризи"га юборилади. Журналларда мақола чоп этган талабалар рағбатлантирилади.
Янги қоидалар Судьялар олий мактаби, Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, шунингдек, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.

