Ўзбекистонда ишлаётган оналарга бола бир ёшга тўлгунига қадар нафақа тўланади

Ўзбекистонда ишлаётган оналарга бола бир ёшга тўлгунига қадар нафақа тўланади
2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаётган оналарга бола бир ёшга тўлгунига қадар нафақа тўлаш бошланади. Маблағлар Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармасидан ажратилади.
Ушбу тўловлар давлат ижтимоий суғуртаси тизимига киритилади, у орқали ҳозирда ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари молиялаштирилмоқда.
Кичик ёшли болалари бўлган оилаларни қўшимча қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев 3 сентябрдаги йиғилишда гапирган эди. Ўшанда мамлакатда умумий камбағаллик даражаси 3,9 фоизни ташкил этгани ҳолда, уч ёшгача болалари бўлган оилалар ўртасида бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизга тенг экани қайд этилганди. Расмийлар, шунингдек, бола парвариши билан банд бўлган ота-оналар уйда ёки бевосита маҳаллада ишлаб, даромад олишлари учун шароит яратиш ниятида.
Ўша йиғилишда Ижтимоий суғурта жамғармасидан бериладиган нафақа Ижтимоий реестрга киритилган ишлаётган оналарга бола бир ёшга тўлгунига қадар тўланиши режалаштирилаётгани эълон қилинган эди. Шу тариқа, амалдаги фармон аввал эълон қилинган қўллаб-қувватлаш чорасини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб Ижтимоий реестрдаги оилаларга давлат ва хусусий боғчалар, ўқув марказлари харажатлари, болаларнинг ОТМ ётоқхоналарида яшаши ва йўл кираси ваучерлар орқали қоплаб берилиши маълум қилинганди. Ваучер 12 ой давомида амал қилади.

