Ўзбекистонда импорт қилувчилар энди ҚҚС тўлашга автоматик равишда ўтказилмайди
Ўзбекистонда импорт қилувчилар товарлар олиб киргани сабабли автоматик равишда ҚҚС тўлашга ўтказилмайди, деб хабар берди Солиқ қўмитаси.

Ўзбекистонда импорт қилувчилар энди ҚҚС тўлашга автоматик равишда ўтказилмайди
Ўзбекистонда товарлар импорти билан шуғулланувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлашга мажбурий ўтиш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Ушбу ўзгаришдан сўнг 560 нафар импортчи тадбиркор ҚҚС тўлаш режимига ўтмасдан, айланмадан олинадиган солиқни тўлашда давом этиш имкониятига эга бўлди.
Аввалги тартиб мамлакатга товар олиб кирувчи тадбиркорларни мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси деб эътироф этишни назарда тутар эди.
Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, 2025 йилда 1,6 минг импортчи олиб кирган товарларининг қиймати 1 минг доллардан ошмаган бўлса-да, ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтказилган эди.
Мажбурий ўтишнинг бекор қилиниши ушбу импортчиларга айланмадан олинадиган солиқни тўлаган ҳолда фаолиятини давом эттириш имконини беради.

