Ўзбекистонда давлат активлари тезлаштирилган схема бўйича сотила бошланади

Ўзбекистонда давлат активлари тезлаштирилган схема бўйича сотила бошланади
Ўзбекистонда узоқ вақт давомида сотилмай келаётган давлат активларининг бир қисми бошланғич нархи 1 миллион сўм бўлган электрон аукционларга чиқарилади. Қолган сотилмаган объектлар учун янги гибрид савдо формати жорий этилади.
Бошланғич қиймати 1 миллион сўм бўлган лотлар рўйхати Ўзбекистон президентининг янги фармонига алоҳида илова билан тасдиқланди. Давлат органларига ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва ҳоким ёрдамчилари орқали аҳолини бундай объектлар тўғрисида қўшимча равишда хабардор қилиш топширилди.
Агар давлат активи уч ой давомида сотилмаса, уни гибрид инглиз-голланд модели бўйича сотишга рухсат берилади. Такрорий савдоларда нарх аввалига 2 фоизлик қадам билан босқичма-босқич пасайтирилади, харид қилиш тўғрисида таклиф тушганидан кейин эса иштирокчи томонидан таклиф қилинган суммадан бошлаб яна кўтарила бошлайди.
Савдоларнинг муддатлари ҳам ўзгаради. Оддий электрон аукционлар ва танловлар тўғрисидаги эълонлар 30 кун ўрнига 15 кун олдин, такрорий савдолар ҳақида эса ўн кун ўрнига беш кун олдин эълон қилинади. Агар такрорий савдоларда иштирок этиш учун фақат битта иштирокчи ариза топширса, унга лотни эълон қилинган нархда сотиб олиш таклиф қилиниши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистонда йирик давлат олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич хўжалик жамиятларига айлантириш режалаштирилаётгани хабар қилинган.

