Ўзбекистонда далалар бўйлаб «баскетбол» чиқинди қутилари ўрнатила бошланди

Ўзбекистонда далалар бўйлаб «баскетбол» чиқинди қутилари ўрнатила бошланди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги ерлари ва йўл бўйидаги ҳудудлар тозалигини сақлашга қаратилган экологик ташаббусни эълон қилди.
Баскетбол саватлари услубида безатилган ностандарт чиқинди контейнерлари йўл бўйларида, далалар яқинида жойлаштирила бошланди.
Лойиҳанинг асосий вазифаси — ҳайдовчи ва йўловчиларни чиқиндиларни фақат махсус ажратилган жойларга ташлашга ўргатиш ҳамда далаларга туташ ҳудудларнинг ифлосланишига йўл қўймасликдир.
Идора йўл ҳаракати қатнашчиларига мурожаат қилиб, ҳаракатланаётган автомобиллар деразаларидан пластик бутилкалар ва бошқа чиқиндиларни улоқтирмасликни, балки хавфсиз жойларда тўхтаб, махсус қутилардан фойдаланишни сўради.
«Хавфсиз жойда тўхтаб, мерганлигингизни синаб кўринг: нишон дала эмас, балки чиқинди қутиси бўлиши керак! Агар саватга тушира олмасангиз, чиқиндини ерда қолдирманг», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.
Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлар ва маҳаллий ҳокимликлар вакилларини ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди: қулай жойларда контейнерлар ўрнатиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни йўлга қўйиш ва уларнинг ўз вақтида тозаланишини таъминлаш сўралди.

