Ўзбекистонда бизнесга ижтимоий солиқ имтиёзлари беришни тўхтатиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда бизнес учун ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларни беришни тўхтатиш таклифи илгари сурилди
Ўзбекистонда корхоналар учун янги ижтимоий солиқ имтиёзларини тўхтатиш, мавжуд имтиёзларни эса 2030-йилдан бошлаб тўлиқ бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Таҳлилга кўра, имтиёзларни бекор қилиш бизнесда тенглик ва рақобат муҳитини шакллантириш учун муҳим ҳисобланади. Бироқ минглаб корхоналарда аслида 12 фоиз бўлган ижтимоий солиқ ставкаси 1 ёки 0 фоизгача туширилган. Бу эса пенсия суғуртасини молиялаштиришда тенглик ва мақсадлилик масаласини юзага чиқармоқда. Шу сабабли ижтимоий солиқни барча учун бир хил ставкада тўлаш мажбурий бўлиши таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, 2025-йилда 65 мингта корхона қарийб 3,2 трлн сўмлик ижтимоий солиқ имтиёзидан фойдаланган.
“Бунда корхона харажати камайган бўлса-да, унинг ходими бўйича келгусидаги пенсия мажбурияти сақланиб қолади. Шу сабабли янги ижтимоий солиқ имтиёзларини беришни тўхтатиш, мавжуд имтиёзларни эса 2030-йилдан тўлиқ бекор қилиш таклиф этилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Эндиликда бизнесни қўллаб-қувватлаш ижтимоий солиқдан озод қилиш орқали эмас, балки давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
“Натижада бир хил, масалан, 6 миллион сўм иш ҳақи олувчи ходимлар қайси корхонада ишлашидан қатъи назар, ижтимоий солиқ тўлаш ва пенсия ҳуқуқини молиялаштиришда тенг шароитга эга бўлади”, дея маълум қилди вазирлик.
Умуман олганда, ижтимоий солиқлар Пенсия жамғармасига тушади. Ҳозирда жамғарма даромадлари пенсия тўлаш харажатларини қоплашга етмаётгани сабабли давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилмоқда. Ижтимоий солиқ имтиёзлари бекор қилинса, жамғармага тушумлар ошиб, бюджетга тушадиган юк камайиши кутилмоқда.

