Ўзбекистонда бир ойда қарийб 72 миллиард сўмлик электр ва газ ўғирланди

Ўзбекистонда бир ойда қарийб 72 миллиард сўмлик свет ва газ ўғирланди
Август ойида «Ўзенергоинспекция» томонидан электр энергияси ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 300 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Дастлабки умумий зарар қарийб 72 миллиард сўмга баҳоланди.
Бир ой ичида жами 321 та энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати қайд этилди. Инспекция ҳисоб-китобларига кўра, 40,7 миллиард сўмлик 19 миллион киловатт-соат электр энергияси талон-торож қилинган.
Яна 31,2 миллиард сўмлик зарар 10 миллион куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳиссасига тўғри келди. Бундан ташқари, август ойида энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун 340 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
Шунингдек, Тошкент, Наманган ва Навоий вилоятларида насослар, лифтлар, ёритиш тизимлари ва тижорат объектлари ишлаши учун электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани хабар қилинди. Умумий зарар тахминан 4,5 миллиард сўмга баҳоланди.

