Маҳаллий

Ўзбекистонда аҳоли учун кўмир электрон платформа орқали сотилади

Ўзбекистонда аҳоли учун кўмир электрон платформа орқали сотилади

Ўзбекистонда 2026 йилда аҳоли учун 1,53 миллион тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилмоқда. Сотувлар mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади, реализация бошланиш санаси ва ёқилғи мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар эса ҳудудлар кесимида эълон қилиб борилади.

"Ўзбеккўмир" АЖ матбуот хизмати хабар беришича, ҳозирда маҳаллий кўмир ҳудудлар бўйича тақсимланмоқда ва босқичма-босқич биржа савдоларига чиқарилмоқда. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси учун дастлабки партияларни хусусий тадбиркорлар харид қилиб бўлди. Ҳозирги вақтда шартномалар расмийлаштирилмоқда ва ёқилғини белгиланган туманларга етказиб бериш ташкил этилмоқда.

Кўмир омборларга етиб келганидан кейин тадбиркорлар уни аҳолига mycoal.uz платформаси орқали сотишни бошлайдилар. У ерда сотувлар бошланиш санаси, омбор манзили, мавжуд кўмир ҳажми ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади.

Компанияда аҳолини кўмир сотилиши ҳақидаги маълумотларни фақат расмий манбалардан ва mycoal.uz платформасидан олишга чақиришди.

Шу билан бирга, ҳудудларда хонадонлар рўйхатини тузиш ва аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжини аниқлаш давом этмоқда. "Ўзбеккўмир"да таъкидланишича, ушбу маълумотларнинг ўз вақтида шакллантирилиши ёқилғини ҳудудлар ўртасида тақсимлаш ва уни аҳолига етказиб бериш учун зарурдир.

Компанияда маълум қилинишича, улар тасдиқланган баланс доирасида кўмир етказиб беришни, шунингдек, биржа савдоларида ғолиб чиққан тадбиркорларга ёқилғини юклаш ва етказиб беришни мувофиқлаштириб бормоқдалар. Етказиб бериш жараёни ҳақидаги маълумотларни аҳоли учун мунтазам равишда эълон қилиб боришга ваъда берилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.