Маҳаллий

Ўзбекистонда агросуғуртани боғлар ва узумзорлардаги дарахтлар ҳамда кўчатларга, шунингдек, импорт қилинадиган чорва молларига ҳам кенгайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги суғуртаси қамровини кенгайтириш, унга боғ ва узумзорлардаги дарахт ҳамда кўчатларни, шунингдек, импорт қилинадиган чорва молларини киритиш режалаштирилмоқда. Суғурта мукофотларининг бир қисмини зарарнинг олдини олишга — ҳайвонларни эмлаш, ветеринария ва ўсимликларни табиий офатлардан ҳимоя қилишга йўналтириш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда агросуғуртани кенгайтириш, унга боғ ва узумзорлардаги дарахт ҳамда кўчатларни, шунингдек, импорт қилинадиган чорва молларини киритиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги суғуртаси қамраб оладиган объектлар ва хавф-хатарлар (рисклар) рўйхатини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ушбу ташаббуслар 25 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Суғурта тизимига боғ ва узумзорлардаги кўчатлар ва дарахтларни, импорт қилинадиган чорва молларини, шунингдек, тасодифий ҳодисалар билан боғлиқ хавф-хатарларни қўшиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, чорвачилик, полиз экинлари, картошка ва пиёз етиштиришни суғурталаш бўйича янги суғурта маҳсулотларини жорий этиш мўлжалланган.

2027 йилгача 45 мингта қишлоқ хўжалиги корхонасини суғурта билан қамраб олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг суғурта қопламасини 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, 500 нафар мустақил эксперт тайёрлаш ва суғурта хизматларини тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилмоқда.

«Янги ёндашув доирасида зарар оқибатларини қоплаш билан бирга, хавф-хатарларнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратилади», — дейилади хабарда.

Бунинг учун суғурта мукофотининг 3−5 фоизини махсус жамғармага йўналтириш таклиф этилди. Ушбу маблағларни чорвачиликда вакцинация, профилактика ва ветеринария хизматларига, ғўза ва ғаллачиликда биологик ҳимояга, шунингдек, боғ ва узумзорларда табиий офатлардан ҳимоя қилиш воситаларини ўрнатишга сарфлаш кўзда тутилмоқда.

Хабарда қайд этилишича, ҳозирда агросуғуртанинг кўплаб жараёнлари Agrosafe ахборот тизими орқали рақамлаштирилган — ариза бериш, шартнома ва полисни расмийлаштиришдан тортиб, мониторинг, экспертиза ва товон пулини тўлашгача.

Президент жараёнларнинг шаффофлигини, суғурта ҳодисаларини адолатли баҳолашни ва товон пулларини тезкор тўлашни таъминлаш бўйича топшириқ берди. Мутасаддиларга таклифларни такомиллаштириш ва тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш вазифаси юклатилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.