Ўзбекистонда 25 сентябрдан бошлаб пахта теримчиларининг меҳнат шароитлари мониторинги бошланади. У қандай ташкил этилган
25 сентябрдан Ўзбекистонда пахта теримчиларининг меҳнат шароитларини текшириш бошланади. Мониторинг гуруҳлари тасодифий танлаб олинган хўжаликларга ташриф буюради, шартномалар расмийлаштирилиши ва тўловларни назорат қилади, шунингдек, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли ҳақидаги хабарларни текширади.

Ўзбекистонда 25 сентябрдан пахта теримчиларининг меҳнат шароитлари мониторинги бошланади. У қандай ташкил этилган
2026 йилги мавсумда пахта теримчиларининг меҳнат шароитлари миллий мониторинги 25 сентябрдан 31 октябргача бўлиб ўтади. Унинг вазифаси — далаларда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймасликдир. Мониторинг бошланиши ҳақида 18 сентябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси брифингида маълум қилинди.
Мониторинг гуруҳига 65 нафар мутахассис кирди — ҳар бир ҳудудда беш кишидан. Улар орасида тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, Федерациянинг меҳнат инспекторлари, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари бор.
Душанба ва шанба кунлари соат 7:00 да гуруҳ раҳбарларига ҳудуддаги учтагача локациянинг тасодифий GPS-координаталари юборилади ва улар соат 9:00 гача текширувга жўнаб кетишади. Маълумотлар ва фотоҳисоботлар ҳар куни федерацияга узатилади.
15 сентябрдан бошлаб федерация ва унинг филиалларида бутун мавсум давомида туну кун навбатчилик ташкил этилган.
Ўзбекистон бўйлаб аллақачон 200 та баннер жойлаштирилди, яна 10 мингта постер тайёрланмоқда ва теримчиларга ушбу маълумотлар акс этган 200 мингта варақа тарқатилади.
«Ҳозирги вазиятни ҳатто 2020 йил билан ҳам солиштириб бўлмайди, ўн йил олдинги кўрсаткичлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Илгари меҳнатга мажбурлаганлик учун жавобгарлик — на маъмурий, на жиноий жавобгарлик йўқ эди. Ҳозир Маъмурий кодекс кучайтирилди, Жиноят кодексига алоҳида модда киритилди», — деди Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йиллардаги мониторинглар давомида Касаба уюшмалари федерацияси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини қайд этмаган. Аниқланаётган муаммолар орасида тўловларнинг кечикиши, шартномасиз ишлаш ва номуносиб меҳнат шароитлари ҳамон қолмоқда. Текширувлар давом этмоқда, жумладан, халқаро ташкилотлар нодавлат тузилмалар томонидан олинган натижаларга кўпроқ ишониши сабабли ҳам.
Better Cotton Initiative дастурининг Ўзбекистондаги вакили Катерина Горбунова бундай мониторингга бўлган эҳтиёж фақат механизациялаштириш кириб келиши билан йўқолишини қўшимча қилди. Ташкилот жаҳон пахтасининг 20% дан ортиғини сертификатлайди ва 2022 йилдан буён Ўзбекистонда меҳнат шароитларининг шахсий мониторингини олиб бормоқда.
«АҚШ ёки Бразилиядаги йирик фермер хўжаликларини олайлик: у ерда 10 минг гектарлик фермада уч киши ишлайди ва у ерда мониторинг ўтказиш шунчаки маънога эга эмас. Аммо ўша 10 минг гектарга 5000 нафар мавсумий ишчи тўғри келганда, бу мутлақо бошқа масала», — дея тушунтирди мутахассис.
Горбунованинг сўзларига кўра, пахта мавсуми қўл меҳнати билан теримга аҳолининг сезиларли қисмини жалб қилади. Бундан уч-тўрт йил аввал пахта теримига ҳар йили 2 миллионга яқин киши сафарбар этиларди ва уларнинг аксарияти норасмий равишда банд эди.
Меҳнат муносабатларининг норасмийлиги — нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда қишлоқ хўжалигининг умумий хусусиятидир: бу сектор меҳнат ҳуқуқи нуқтаи назаридан бошқа ҳар қандай соҳага қараганда кўпроқ хавф-хатарларни келтириб чиқаради. Шу боис Горбунова мониторингни жазолаш воситаси эмас, балки ходимларни қўллаб-қувватлаш шакли ва фермерлар учун ўзига хос таълим деб атайди. Иш берувчи сифатида уларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича билим даражаси одатда минимал бўлади ва мониторинг орқали улар аста-секин меъёрларни ўзлаштириб борадилар.
Ўтган мавсумдаги мониторинг натижалари теримчилар қандай қоидабузарликларга дуч келаётганини кўрсатмоқда. 2025 йилда Касаба уюшмалари федерацияси болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқламади. Шу билан бирга, инспекторлар қуйидагиларни қайд этдилар:
Иш ҳақи бўйича аниқланган барча қарздорликлар тўлиқ қопланди, деб таъкидлади Бахтиёр Маҳмадалиев «Газета»нинг бу каби низоларни ҳал этиш механизми ҳақидаги саволига жавоб берар экан.
«Меҳнатга ҳақ тўлаш масаласи бўйича 8752 нафар теримчи ўз пулларини ўз вақтида олмагани аниқланди. Бу билан бизнинг инспекторларимиз фермер хўжаликлари раҳбарлари билан биргаликда шуғулландилар ва қарздорлик 100 фоизга бартараф этилди. Агар қоидабузарлик жойида бартараф этилмаса, материаллар жарима солиш учун Давлат меҳнат инспекциясига топширилади. Агар бу ҳам натижа бермаса, иш қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга оширувчи прокуратурага юборилади», — деди Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари.
Меҳнат шароитларининг минимал меъёрлари ҳар йили август ойида таркибига ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар вакиллари кирадиган Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси томонидан тасдиқланади. Ушбу меъёрларга кўра, дала шийпонларида ҳожатхона, душ, иссиқ овқат ва тоза ичимлик суви бўлиши шарт.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекцияси ўтган мавсумда ўз текширувларини ўтказди. Инспекторлар 986 та фермер хўжалигида бўлиб, пулларни тўламагани учун 116 нафар мансабдор шахсни жами 397,44 млн сўм миқдорида жаримага тортди. Инспекциянинг 1176 ишонч телефони ва Telegram-боти орқали тўловлар кечикиши масалалари бўйича 222 та мурожаат келиб тушди. Натижада теримчиларга 1,785 млрд сўм қайтарилди.
2026 йилги мавсум мониторингининг умумий якунлари декабрь ойида тақдим этилади.

